23 февраль куни Анваржон Алиевич Абдуллаев Фарғона вилоятининг Қўштепа туманига ҳоким этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Шу куни Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида амалдаги ҳоким Илёсбек Новиков (29 январь куни президент 2023 йилда 16 та туманда бирорта кўп қаватли уй-жой қурилмагани ортидан мазкур ҳудудлар ҳокимларининг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқишни бош вазир Абдулла Ариповга топширганди, ҳудудлар орасида Новиков бошқарган Қўштепа тумани ҳам тилга олинганди) лавозимидан озод этилгани ва унинг ўрнига янги раҳбар тайинланиши бўйичa маълумот берилди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Анваржон Абдуллаев номзодини кўрсатди ва туман депутатлари буни бир овоздан қўллаб-қувватлади.

Абдуллаев мазкур ловозимгача вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаб келаётганди.

Маълумот учун, Анваржон Абдуллаев 1982 йилда Ўзбекистон туманида туғилган. 2004 йилда Фарғона политехника институтини тамомлаган. 2004−2014 йиллар давомида Қўқон шаҳри статистика бўлимида, 2014−2022 йилларда Фарғона вилояти, Ўзбекистон ва Данғара тумани ҳокимликларида масъул лавозимларда, 2022−2023 йилларда эса Фарғона вилояти маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.