Сенаторлар Олий Мажлис палаталари ўз фаолиятларини тартибга солувчи қонунларни янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштириш бўйича қонунни маъқуллади. Ҳужжат сентябрь ойида парламентда депутатлар томонидан кўриб чиқилганди.

Унга кўра, Сенат аъзолари жами 100 нафардан 65 нафарга қисқартирилади. Ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирликдан 4 нафардан сенатор сайланиши, 9 нафари президент томонидан тайинланиши белгиланмоқда.

Шунингдек, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосарлари сони 7 тадан 2 тага қисқартирилмоқда. Унга кўра, ўринбосарлар фракция аъзоси бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, улар лавозимда бўлиш даврида сиёсий партиядаги аъзоликни тўхтатиб туради.

Юқоридги қоидалар навбатдаги чақириқда Олий Мажлис палаталари иши бошланганидан амалга киритилади.

Бундан ташқари, Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколати киритилмоқда. Бундай ҳолатда Қонунчилик палатасига янги сайлов 2 ой мобайнида ўтказилади. Сенатнинг янги таркиби эса 1 ой мобайнида шакллантирилади.

Яна бир муҳим жиҳат, 100 минг нафардан кам бўлмаган фуқаролар, Сенат, омбудсман ва Марказий сайлов комиссияси қонунчилик таклифларини Қонунчилик палатасига киритиши мумкин. Парламент текширувини Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан тузиладиган махсус комиссия ўтказади. Шунингдек, Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссиясини тугатилади.

Сенатнинг қуйидаги ваколатлари бекор қилиниб, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари сифатида белгиланади:

  • Давлат бюджетининг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш ва Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш;
  • президентнинг тақдимига биноан бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш;
  • бош вазир, ҳукумат аъзоларининг ҳисоботларини ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги маърузасини эшитиш.