26 январь куни Ички ишлар вазирлиги Тезкор қидирув департаменти Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида тезкор тадбир ўтказиб, ер ресурсларини талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатларни аниқлади, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Наманган вилоятида туғилган, «Sunnat Spets Stroy» МЧЖ таъсисчиси тошкентлик фуқарога Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги корхонасига ажратилган 6,7 гектар ер майдонини жами 1 млн 340 минг долларга ва у ерга туташ бўлган туман ҳокимлиги захирасидаги 2 гектар ер майдонини 10 минг долларга 10 йил муддатга фойдаланиш учун беришини айтган. Ҳужжатларни эса кадастр бўлимида ишловчи танишлари орқали расмийлаштириб беришни ваъда қилган.

Гумонланувчи Яшнобод тумани Боткин кўчасидаги кафеда бўнак (аванс) тариқасида 50 минг доллар пулни олган вақтида ашёвий далил билан ушланди, дейилади хабарда.

8 февраль куни Бухорода кузатилган ҳолатда эса 1995 ва 1998 йилда туғилган аёл ва эркак бухоролик бошқа бир шахсга Навоий вилояти Нурота тумани Янгиҳаёт массивида жойлашган, туман ҳокимлиги томонидан 10 йиллик ижара шартномаси асосида фойдаланишга берилган ер майдонидан 25 гектарини олиб беришни ваъда қилган. Бунинг учун Давлат кадастрлар палатаси Ғиждувон тумани филиали ер ҳисоботини юритиш бўлими бошлиғи орқали ҳужжатларни расмийлаштириш режа қилинган.

Тезкор тадбир давомида юқорида қайд этилган шахслар 20 минг долларни олган вақтида ашёвий далил билан ушланди. Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.