15 февраль куни Жиззахдаги оилавий боғчада қаровсиз қолган 3 ёшли қиз кўчага чиққанда ариққа тушиб кетиб, вафот этгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Ўша куни соат 09:00 да Дўстлик туманида жойлашган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари назоратсиз қолдирилиши оқибатида 3 нафар вояга етмаган бола мактабгача таълим ташкилоти ҳовлисидан чиқиб кетган.

Соат 13:00 ларда 2021 йилда туғилган қиз боғчадан тахминан 1 км узоқликдаги фермер хўжалиги дала майдонидан оқиб ўтувчи ариқдаги сувдан ўлик ҳолда топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 192−11 (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 207 (Мансабга совуққонлик билан қараш)-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди ва тергов ҳаракатлари олиб борилмокда.

Қолган икки бола соғлом, улар оила даврасига қайтарилган.

Мактабгача таълим агентлигининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, мазкур боғча фаолияти тугатилди.