АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистонда беш йилга мўлжалланган «Барча болалар муваффақиятли» лойиҳасини ишга туширди. 20 февраль куни дастурнинг тақдимоти ўтказилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Тадбирда президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров, мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов, USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Девид Хофман ва бошқалар иштирок этди. Улар ўз нутқида Ўзбекистондаги ҳар бир боланинг муваффақиятини таъминлашда ҳамкорлик ва фидойилик муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

all children succeeding, usaid, барча болалар муваффақиятли, ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, инклюзив таълим

USAID «Барча болалар муваффақиятли» лойиҳаси орқали учта муҳим йўналишни: инклюзив таълим учун қулай ўқув-методик материаллар, ўқитувчилар учун амалиёт ва мактаб муҳитини яратиш ҳамда ўқитувчилар ва ногиронлиги бўлган шахслар билан биргаликда ишлаб чиқилган барқарор сиёсатни ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди.

Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёровнинг таъкидлашича, инклюзив таълим алоҳида таълим олишга эҳтиёжи бўлган болалар ва ўқувчиларнинг жамиятга самарали мослашуви ҳамда тўлақонли аъзосига айланишида муҳим босқич ҳисобланади.

«Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда инклюзив таълимни ташкил этиш жуда муҳим масалага айланмоқда. Инклюзив таълим, биринчи навбатда, барча болаларга таълим муассасалари томонидан таълим бериш имконини яратишдир, яъни ҳар бир инсонннинг таълим олишга бўлган ҳуқуқини таъминлашдир. Хабарларингиз бор, 2021 йилда Ўзбекистон Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича конвенцияга қўшилган. Бу мажбуриятларимизни бажариш бўйича биз учун яна бир муҳим қадамдир», — деди у.

all children succeeding, usaid, барча болалар муваффақиятли, ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, инклюзив таълим

Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров.

Унинг қайд этишича, мазкур лойиҳа Ўзбекистонда болалар ва мактаб ёшидаги ўқувчиларга асосий кўникмаларни бериш орқали инклюзив сифатли ва тенг ҳуқуқли таълим муҳитини яратишни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

«Лойиҳанинг амалга оширилиши мактабгача таълим ташкилотидан бошлаб, бошланғич мактабга узлуксиз ўтишни ва 4-синфдан 5-синфга ўтишни, шу жумаладан, барча болаларни, айниқса, алоҳида таълимга муҳтож ўқувчиларга сифатли таълим тизимини яратади», — деди агентлик директори.

Мансурбек Оллоёровнинг сўзларига кўра, ногиронлиги бўлган болаларни таълимга жалб қилиш оддий таълимнинг ўзи билан ҳал бўлмайди.

«Бу борада ижтимоий ҳимоя, маҳаллаларда иш бошлаётган ижтимоий ходимлар, „Инсон“ ижтимоий ҳимоя марказларининг роли ҳам жуда муҳим. Ногиронлиги бўлган бола яшайдиган оилага комплекс хизмат кўрсатиш орқали болаларни таълимга жалб қилиш зарур, улар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун ҳам „Барча болалар муваффақиятли“ лойиҳасини амалга оширишда ҳам комплекс ёндашув зарур. Ногирон болани оиладан олиб чиқиб, уни мактабгача келиши керак бўлган жараён кўплаб ишларни талаб қилади. Бунда ҳаммамиз бирлашиб, ҳамкорлик қиламиз, деган умиддаман. Ишончим комилки, бугун биз имзолаётган, инклюзив таълимни ривожлантиришга қаратилган битим тез орада ўз натижаларини кўрсатади», — деди у.

Маълум қилинишича, USAID беш йил давомида «Барча болалар муваффақияти» лойиҳасига 25 миллион доллар ажратишни режалаштирган. Лойиҳа Creative Associates International ҳамда Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари, АҚШнинг Sirakuz университети қошидаги ногиронлик ва инклюзия маркази, Praxis Plus va «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда амалга оширилади.

all children succeeding, usaid, барча болалар муваффақиятли, ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, инклюзив таълим

USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори  Девид Хофман  ўз нутқида ҳар бир боланинг ривожланиши ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун таълим имкониятларини яратишда жамоавий масъулият муҳимлигини қайд этди.

«АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг ушбу лойиҳаси таълим соҳасидаги инвестициялар орқали президент Шавкат Мирзиёевнинг инклюзив таълимга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва натижада болаларни XXI аср кўникмалари билан шакллантиришга хизмат қилади. Шунингдек, замонавий ўқув-услубий материаллар ёрдамида барча болалар қатори ногиронлиги бўлган болаларнинг ҳам тўлиқ имкониятларини ривожлантиришни мақсад қилганмиз», — деди Девид Хофман.

«Барча болалар муваффақиятли» лойиҳаси раҳбари Кейт Лэпҳэмнинг сўзларига кўра, мазкур лойиҳа Ўзбекистон ҳукуматига инклюзив таълимни ривожлантириш бўйича сиёсат ва стратегияларни ишлаб чиқишда кўмаклашади.

«Лойиҳа мамлакатда ҳар бир боланинг мактабда муваффақият қозониши учун зарур бўлган таълим ва ўқув материаллари сифатини такомиллаштириш ҳамда қўллаб-қувватлашга қаратилган. Бу эса инклюзив таълим тизими учун асос яратиб, ўқувчилар, жумладан, ногиронлиги бўлган болаларнинг асосий кўникмаларини оширади», — деди у.

all children succeeding, usaid, барча болалар муваффақиятли, ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, инклюзив таълим

«Барча болалар муваффақиятли» лойиҳаси раҳбари Кейт Лэпҳэм

Унинг қайд этишича, «Барча болалар муваффақиятли» лойиҳаси Ўзбекистон ҳукумати билан ўқув материалларини таҳлил қилади ва қуйидаги қўшимча ресурсларни ишлаб чиқади:

  • ҳар бир болани қамраб олишга қаратилган таълимда индивидуал ёндашувни қўллаб-қувватлаш;
  • ўқиш, математика, танқидий фикрлаш, ижтимоий ва эмоционал компетенцияларда фундаментал кўникмаларни ривожлантиришга кўмаклашиш;
  • турли кўринишдаги кўринар ва кўринмас ногиронлиги бўлган болаларнинг умумтаълим синфларида муваффақиятли ўқишларида ёрдам бериш.

Унинг маълум қилишича, лойиҳа дастлаб Наманган ва Сирдарё вилоятларида тажриба-синов тариқасида амалга оширилади. Ҳар бир пилот ҳудуддан 3 тадан боғча ва 3 тадан мактаб танлаб олинади. «Учинчи ҳудуд мактаблари USAID ҳамда Ўзбекистон ҳукумати билан келишилган ҳолда танланади», — деди лойиҳа раҳбари.

Тақдимот якунида Creative Associates International, президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари томонидан ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Қайд этилишича, келишувдан мақсад сифатли инклюзив таълимни ташкил этиш ва Ўзбекистондаги барча болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида ҳамкорликда иш олиб боришдан иборат. Ушбу умумий мажбурият таълим тизимини янада инклюзив бўлишига асос солади ва ўқувчиларининг, жумладан, ногиронлиги бўлган ўқувчиларнинг таянч кўникмаларини  ривожлантиришга кўмаклашади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2023−2025 йилларда инклюзив таълим тизими 51 фоиз умумтаълим мактабларида жорий қилиниши белгиланган.