Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев давлат хизматини хусусий сектор билан рақобатлашадиган маошларни белгилаш орқали жозибадор қилишни таклиф қилди.

«Мен, қоида тариқасида, эрталаб соат 8−9 дан кечки 8−9 га қадар иш жойида бўлган давлат хизматчилари маълум бир моддий компенсация олишлари керак, деб ҳисоблайман, лекин бунда иш ҳақи ва мукофотлар билан чекланмаслик керак. Савол долзарб. Биз буни аниқ давлат хизматчилари фойдасига ҳал қиламиз», — деди Қозоғистон раҳбари 20 февраль куни бўлиб ўтган Президент ёш кадрлари захираси форумида сўзлаган нутқида.

Унинг қўшимча қилишича, бу борада Сингапур ва бошқа мамлакатлар тажрибасига эътибор қаратиш лозим.

Тоқаевнинг сўзларига кўра, Қозоғистонда ҳозир давлат секторларида кучли мутахассислар етишмайди. «Давлат хизматининг гибрид моделини жорий этишни давом эттириш зарур. Бунинг учун давлат хизматига хусусий сектордан малакали кадрларни эркинроқ, осонроқ жалб этиш масалаларини атрофлича ўрганиш керак», — деди у.

Бундан ташқари, Қозоғистон раҳбари давлат хизматидаги аёллар сонини кўпайтиришга чақирди, чунки улар «меҳнатга эътиборлироқ» ва «коррупцияга мойил эмас». «Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг статистик маълумотлари аёллар ўзини нисбатан масъулиятлироқ тутишини кўрсатмоқда», — деди у.

Тоқаевнинг таъкидлашича, ҳукумат аппаратида аёллар улуши қарийб 55 фоизни ташкил этса-да, бошқарув ходимлари орасида бу кўрсаткич 39 фоиздан паст. Унинг сўзларига кўра, умуман олганда, «давлат хизматида аёллар, ёшлар ва ногирон фуқаролар сонини кўпайтириш зарур».

Тоқаев, шунингдек, мамлакатда ҳали ҳам давом этаётган «қўмондонлик ҳаракатлари» амалиётини танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, Президент администрацияси ва Давлат хизмати ишлари агентлигига ушбу масалани «қатъий назоратга олиш ва бу каби ҳолатларнинг олдини олиш» бўйича топшириқ берилган.