«Ёшларнинг халқаро IT сертификатларни олиш харажатларини қоплаб бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти» тасдиқланди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги. Бу ҳақда 17 февраль куни ҳукуматнинг 95-сонли қарори қабул қилинди.

Унга кўра, ариза берувчи халқаро IT сертификат берилган санадан 180 календарь кун мобайнида мазкур сертификатни олиш харажатларини қоплаб беришни сўраб, ЯИДХП (my.gov.uz) орқали мурожаат қилиши лозим.

Керакли ҳужжатлар:

  • IT сертификат олиш учун сарф қилган харажати тўланганини тасдиқловчи тўлов квитанцияси нусхаси;
  • Халқаро IT сертификат нусхаси;
  • Қопланиши зарур бўлган маблағлар қайси ҳисобвараққа йўналтирилиши ҳақидаги маълумотлар;
  • Ўқув курсини тамомлаганини тасдиқловчи ҳужжатлар.

Ариза берувчининг халқаро IT сертификатларни олиш харажатларининг 60 фоизигача бўлган қисмини қоплаб беришда инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи сертификат талаб этилмайди.

Бундай сертификатлар бошланғич даражада бўлганда 30 фоиз, ўрта даражада бўлганда 40 фоиз ҳамда профессионал даражада бўлганда 60 фоиз миқдорда сарфланган харажатлар қоплаб берилади. Аввалроқ юқори даражадаги IТ мутахассислик сертификатига 50% компенсация тўлаб берилиши хабар қилинганди.

Инглиз тили бўйича В2 ва ундан юқори даражадаги ҳамда профессионал даражадаги халқаро IT сертификатга эга бўлган ёшларнинг мазкур харажатлари тўлиқ қоплаб берилади. Хизматни кўрсатиш 17 иш куни мобайнида бажарилади.