Ўзбекистондаги бир қатор банклар Contact пул ўтказмалари тизими билан ишлашни тўхтатганини маълум қилди.

21 февраль куни эрталаб Россия Марказий банки QIWI Банк лицензиясини қайтариб олди. Регулятор ушбу қарорни кредит ташкилоти жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича қонун ҳужжатлари талабларини мунтазам равишда бузаётгани билан изоҳлади.

Лицензия қайтариб олинганидан сўнг банкка тегишли, у орқали хорижга пул ўтказиш мумкин бўлган Contact тўлов тизими ишламай қолди. Бундан ташқари, QIWI Ҳамён хизмати депозитларни, кейин эса пул олишни блоклади.

Омонатларни суғурталаш QIWI Банк электрон ҳамёнларидаги маблағларга тааллуқли эмас, деди Россия Марказий банки. Омонатларни суғурталаш тизимида банкнинг ўзи иштирок этади. Омонатларни суғурталаш агентлиги банк омонатчиларига суғурта тўловларини тўлашни 6 мартгача бошлашни режалаштирмоқда.

Бунинг фонида Ўзбекистоннинг «Ипак йўли» банки Contact орқали пул ўтказмалари бўйича операцияларни тўхтатгани ҳақида хабар берди. Молиявий муассаса муқобил сифатида Western Union, Золотая Корона, Visa Direct, MoneySend, MoneyGram ва Money Express`дан фойдаланишни таклиф қилди.

Халқ банки ҳам «техник сабабларга кўра» Contact ўтказмалари тўхтатилганини маълум қилди.

Contact Россия бозоридаги энг йирик пул ўтказмалари тизимларидан бири эди. Ушбу тизим дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда 670 мингдан ортиқ хизмат кўрсатиш пунктларига эга.

Эслатиб ўтамиз, QIWI Uzbekistan иловаси 18 декабрь куни ишламай қолганди. Компания фойдаланувчилардан Uzcard ва Humo карталарига пул ечиб олишини сўради. Хизмат илованинг ёпилишини Ўзбекистон Марказий банки томонидан халқаро пул ўтказмаларига жорий этилган тақиқдан кейинги чекланган функционаллик билан изоҳлаган.