Ўзбекистонда пневматик, сигнал берувчи, тиғли совуқ, улоқтириш қуролини ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини ўз ихтиёри билан топширган шахслар жавобгарликдан озод қилиниши белгиланмоқда.

Қонунчилик палатасининг 20 февраль куни бўлиб ўтган мажлисида қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 220−1-моддасига қўшимча киритиш бўйича қонун лойиҳаси иккинчи ва учунчи ўқишда кўриб чиқиб қабул қилинди.

Қайд этилишича, қонунга хилоф равишда сақлаёган ўқотар қуролни ўз ихтиёри билан топширган шахсларни жавобгарликдан озод этиш тўғрисида Жиноят кодексида мустаҳкамлаб қўйилган қоида шахслар бошқа турдаги қуролни ўз ихтиёри билан топширганда уларни жавобгарликдан озод қилиш муаммосини ҳал этмайди.

Шу билан бирга, «Қурол тўғрисида»ги қонуннинг 21-моддасида қуролни, шу жумладан, юқорида кўрсатилган ўқотар бўлмаган қуролни ўз ихтиёри билан топширганлик учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдирлаш чоралари белгиланиши мумкинлиги баён этилган.

Бу ҳуқуқий зиддиятни бартараф этиш мақсадида мазкур лойиҳа билан МЖТКнинг 220−1-моддаси юқорида келтирилган норма билан тўлдириляпти.

Депутатлар қонун лойиҳаси фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари янада ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга, шунингдек, жамоат тартибини сақлаш ва ўқотар бўлмаган қурол турларининг қонунга хилоф муомаласининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилишини таъкидлади.