Тошкент шаҳри Чилонзор туманида Ritz-Carlton бренди остида беш юлдузли меҳмонхона қуриш режалаштирилмоқда. Бу Ўзбекистоннинг 2024 йил биринчи чорагига мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарорида назарда тутилган.

Ўтган йилнинг 22 ноябрида Озарбайжоннинг Pasha Development қурилиш компанияси (Pasha Holding таркибига кирувчи) томонидан асос солинган PD Estates 2024−2026 йилларда 150 хонали меҳмонхона лойиҳасини қуриш учун 200 миллион доллар сармоя киритмоқчи. Жорий йилнинг биринчи чорагида 7 миллион долларлик инвестицияларни (кредитлар) ўзлаштириш режалаштирилган.

2018 йилнинг июль ойида Tashkent City бизнес маркази ҳудудида Ritz-Carlton меҳмонхонасини очиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Кўп функцияли мажмуа таркибида «А+» тоифали бизнес марказлари, беш юлдузли Ritz-Carlton меҳмонхонаси, Ritz-Carlton`нинг премиум тоифадаги сервисга эга квартиралари ва жаҳонга машҳур брендлар дўконлари галереяси бўлиши кутилган эди.

Лойиҳа учун 1,5 гектардан ортиқ ҳудуд ажратилганди. 200 метрли иншоот Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёдаги энг баланд бино бўлиши керак эди. Қурилишни Murad Buildings компанияси амалга ошириши, дизайн ишлаб чиқиш ишлари билан Япониянинг Nihon Sekkei лойиҳалаш ташкилоти шуғулланиши кутилганди, бироқ лойиҳа амалга ошмади.

Ўтган йилнинг июль ойида Pasha Holding бош директори Жалол Гасимов инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов билан учрашиб, Тошкентда меҳмонхона қуриш лойиҳасини амалга ошириш ва Озарбайжонда қўшма тўқимачилик кластерини яратиш масалаларини муҳокама қилган эди.

19 февраль куни холдинг вакиллари рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов билан учрашиб, Озарбайжон компаниялари учун Softlanding дастурини амалга ошириш ва Pasha Holding ҳамкорлари орқали Ўзбекистон компанияларини халқаро бозорларда тарғиб қилиш масалаларини муҳокама қилганди.

2023 йилнинг ёзида Pasha Development компанияси Marriott International билан Бокуда The Ritz-Carlton Residences`ни очиш бўйича шартнома имзолаган.

The Ritz-Carlton — «люкс» тоифасидаги меҳмонхоналар халқаро тармоғи. Тармоқ дунёдаги энг йирик Marriott International меҳмонхоналар холдингининг шуъба корхонаси бўлган The Ritz-Carlton Hotel Company компаниясига тегишли. Тармоқнинг штаб-квартираси Мэриленд штатида (АҚШ) жойлашган. Компания дунёнинг йирик шаҳарларида 90 дан ортиқ меҳмонхоналарни бошқаради.

Pasha Holding — 2006 йилда ташкил этилган Озарбайжон инвестиция компанияси. У 12 та банк, суғурта компаниялари, инвестиция компанияси, IT компаниялари ва кўчмас мулкларни ўз ичига олади. Бундан ташқари, компания туризм соҳасига, жумладан, Озарбайжон ва Туркиядаги меҳмонхоналар ва курортларга, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасига ҳам инвестиция киритади. Холдингнинг активлари 11,3 миллиард долларни ташкил қилади.