1 апрелдан Нукусдан Истанбулга авиарейслар йўлга қўйилиши кутилмоқда. Бу президентнинг 9 февралдаги Қорақалпоғистонни комплекс ривожлантириш тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжатга кўра, Истанбул — Нукус — Тошкент ва Самарқанд — Нукус — Истанбул йўналишларида парвозлар амалга оширилиши кутилмоқда.

Қарорда Транспорт вазирлигига «Uzbekistan Airways» АЖ, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган барча резидент авиакомпаниялар ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикасига туристлар оқимини янада ошириш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш топширилди. Мақсад — Қорақалпоғистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш, улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш.

Бундан ташқари, янги харид қилинаётган L-410 русумли самолётлардан бир донасини Қорақалпоғистонга ички рейслар учун ажратилиши режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Ўзбекистоннинг бир қанча шаҳарларидан Истанбулга парвозлар Uzbekistan Airways ва Turkish Airlines томонидан амалга оширилмоқда.