LOT Polish Airlines авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам қатновларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда, дея хабар бермоқда Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Польша авиакомпанияси Тошкент ва Варшавани мунтазам ҳаво қатновлари билан боғлайди, биринчи йўловчи рейси 14 мартга белгиланган.

Тошкент — Варшава — Тошкент йўналиши бўйича парвозлар ҳафтасига уч марта: душанба, пайшанба ва шанба кунлари Boeing 737 MAX 8 самолётларида амалга оширилади.

Авиаташувчи апрель ва май ойларида қўшимча парвозларни амалга ошириш режасини ҳам эълон қилди. Қўшимча рейс ҳафтанинг сешанба куни Варшава — Тошкент йўналишида, қайтиш эса чоршанба куни бўлади.

«Биз Варшавани ўтказиш пункти сифатида танлаган транзит йўловчилар учун ҳам, охирги манзили Польша пойтахти бўлганлар учун ҳам қулай жадвал ишлаб чиқдик. Варшава орқали транзит қилаётганлар 4 соатдан камроқ вақт ичида қулай уланишлар билан LOT Polish Airlines`нинг Скандинавия, Ғарбий ва Марказий Европадаги кенг йўналиш тармоқларидан фойдаланишлари мумкин», — деди авиакомпания бош директори Михал Фиёл.

«Варшава ва Тошкент ўртасида авиақатновларнинг очилиши биз учун Европа билан ҳаво алоқаларини ўрнатишда муҳим қадам бўлди. LOT Polish Airlines Ўзбекистон фуқаролари учун Европа шаҳарларига, европаликлар учун эса Ўзбекистон шаҳарларига пандемиядан сўнг парвозларни очган биринчи Европа авиакомпаниясига айланади», — дея қўшимча қилди Uzbekistan Airports раҳбари Жавлонбек Умарходжаев.

LOT Polish Airlines Польшанинг 1929 йилда ташкил этилган ва бош қароргоҳи Варшавада жойлашган авиакомпаниясидир. У дунёдаги энг қадимги, йирик ва аъзолар сони кўп бўлган — Star Alliance аъзоси ҳисобланади. Авиакомпания паркига 80 га яқин самолётлар киради ва унинг йўналишлар тармоғи 100 дан ортиқ йўналишларни ўз ичига олади.