20 февраль куни соат 09:30 атрофида Тошкент шаҳри Яккасарой туманида 69-йўналишдаги 2 та автобус ва Cobalt автомашинаси ўртасида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда пойтахт Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, туманнинг Кичик автомобиль халқа йўлида 27 ёшли ҳайдовчи Д.С. Yutong автобусини ҳайдаб кетаётиб, бошқарувни йўқотган. Кейин йўлнинг қарама-қарши бўлагига чиқиб кетиб, 44 ёшли ҳайдовчи Х.М. бошқарувида Cobalt машинасига урилган.

Сўнгра электробус 38 ёшли ҳайдовчи А.А. бошқарувида яна бир автобус билан тўқнашган. ЙТҲ оқибатида биринчи электробусда бўлган 20 ёшли йўловчи тан жароҳат олиб, шифохонага мурожаат қилган.

Ҳолат юзасидан шаҳар ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Куни кеча Сергели туманида ичида йўловчилари бўлган электробус йўл четидаги панжарага бориб урилганди. Воқеага ҳайдовчининг қон босими ошиб, бошқарувни йўқотгани сабаб бўлган. Электробус техник шикастланган, ҳайдовчи шифохонага олиб кетилган, жароҳат олганлар бўлмаган.