Сурхондарё вилояти «Сариосиё» темир йўл чегара божхона постида вагонларда яширинча олиб кирилаётган сигарет маҳсулотлари аниқланди, дея хабар бермоқда вилоят Божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Юк қўшни давлатдан Тожикистонга ўтиш учун Ўзбекистонга кириб келган темир йўл поезди таркибидаги вагонларнинг биридан топилган. Яъни вагонларни сканер қилишга мўлжалланган инспекцион кўрик мажмуасидан ўтказилганда рентген тасвирларида вагон ичида юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган товарлар борлиги маълум бўлган.

Вагон божхона кўригидан ўтказилганда «Чангютгич», «Кир ювиш машинаси» ва «Қуруқ сут» каби товарлар орасида акциз маркалари мавжуд бўлмаган, умумий қиймати 10 млрд 50 млн сўмлик 402 минг қути Esse Change сигарет маҳсулотлари борлиги аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.