Россиялик марҳум сиёсатчи Алексей Навальнийнинг рафиқаси Юлия Навальная жамоатчиликка мурожаат қилиб, эрининг ишини давом эттиришини маълум қилди. Унинг видеомурожаати Навальнийнинг YouTube каналида эълон қилинди.

Алексей Навальний 47 ёшида Ямало-Ненец автоном округидаги 3-сонли ахлоқ тузатиш колониясида вафот этди. 2023 йил август ойида у «экстремистик» иш бўйича 19 йилга махсус режимдаги колонияга ҳукм қилинганди. Бу сиёсатчининг сўнгги йиллардаги учинчи қамоқ муддати эди.

«Мен бу жойда бўлмаслигим, бу видеони ёзмаслигим керак эди. Менинг ўрнимда бошқа одам бўлиши керак. Аммо Владимир Путин у одамни ўлдирди. Уч кун олдин Владимир Путин менинг эрим Алексей Навальнийни ўлдирди. Путин болаларимнинг отасини ўлдирди. Путин энг қимматли инсонимни мендан айирди», — деди Юлия Навальная.

У, шунингдек, Путин Навальнийни нафақат ундан, балки Навальнийнинг бошқа барча тарафдорларидан ҳам тортиб олганини таъкидлади.

«[Путин] у билан бирга бизнинг умидимизни, эркинлигимизни, келажагимизни ўлдирмоқчи эди. Россия бошқача бўлиши мумкинлиги ҳақидаги энг яхши далилни йўққа чиқарди. <...> Бу йиллар давомида мен Алексейнинг ёнида бўлдим. <...> Лекин бугун мен сизнинг ёнингизда бўлмоқчиман, чунки биламанки, сиз ҳам мендан кам йўқотмадингиз. <...> Алексей уч йиллик қийноқ ва азоблардан сўнг колонияда вафот этди. <...> Уни мазах қилишди, дунёдан узишди, менга ва болаларига хат ёза олмаслиги учун қоғоз-қалам беришмади, оч қолдиришди. Ва у нафақат таслим бўлмади, балки бизни доимо қўллаб-қувватлади. Бирон сония ҳам нима учун курашаётгани ва нима учун азоб чекаётганига шубҳа қилмади. Эримни синдириб бўлмасди. Ва айнан шунинг учун Путин уни ўлдирди. Шармандали тарзда, қўрқоқлик билан, унинг кўзларига қарашга ёки исмини айтишга журъат этолмасдан», — деди Юлия Навальная.

«Мен Алексей Навальнийнинг ишини давом эттираман. Сиз билан биргаликда ватанимиз учун курашишда давом этаман. Ва сизни ёнимда туришга чақираман. Нафақат бизни ўраб олган ва қўйиб юбормаётган қайғу ва чексиз оғриқни баҳам кўришни, балки ғазабимни ҳам баҳам кўришингизни сўрайман. Бизнинг келажагимизни ўлдиришга журъат этганларга нисбатан нафрат ва ғазабни», — дея қўшимча қилди у.

Юлия Навальная, шунингдек, тез орада нима учун «Путин Навальнийни ўлдирганини» айтиб беришини таъкидлади. У эрининг ўлимига бевосита алоқадор бўлганларнинг шахси ҳам ошкор этилишини қўшимча қилиб, «биз бу жиноятни аниқ ким ва қандай содир этганини аниқлаймиз, исмларини айтиб, юзларни кўрсатамиз», — дея ваъда берди.