Сиёсатчи Алексей Навальний Ямало-Ненец автоном округидаги 3-сонли ахлоқ тузатиш колониясида вафот этди. Бу ҳақда Россия Федерал жазони ижро этиш хизмати маҳаллий бошқармаси хабар берди.

«2024 йил 16 февралда 3-сонли ахлоқ тузатиш колониясида судланган Навальний А.А. сайрдан кейин ўзини ёмон ҳис қилди ва дарҳол ҳушини йўқотди. Зудлик билан муассаса тиббиёт ходимлари етиб келиб, тез тиббий ёрдам бригадаси чақирилди», — дейилади бошқарма хабарида.

«Барча зарур реанимация чоралари кўрилган, бироқ ижобий натижа бермаган. Тез тиббий ёрдам шифокорлари маҳкумнинг ўлимини тасдиқлашди. Ўлим сабаблари аниқланмоқда», — дейилади хабарда.

Алексей Навальний 47 ёшда эди. 2023 йил август ойида у «экстремистик» иши учун 19 йилга махсус режимдаги колонияга ҳукм қилинганди. Бу сиёсатчининг сўнгги йиллардаги учинчи қамоқ муддати эди.