Жаҳон прогнозлаш марказларининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда 2024 йилги март ойи нисбатан салқин бўлиши тахмин қилинмоқда, дея хабар берди Ўзгидромет хизмати агентлиги матбуот хизмати.

Ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 1−2 даражага паст, баъзи жойларда меъёр атрофида бўлиб, +4…+9 даражани, жанубда +10…+11 даражани ташкил этади.

Ой давомида ҳарорат кечалари 0…-5 даражадан +5…+10 даражагача, кундуз кунлари +5…+10 даражадан +17…+22 даражагача, жанубда +20…+25 даражагача кескин ўзгариб туриши прогноз қилинмоқда.

Республика ҳудудининг катта қисмида ойлик ёғингарчилик миқдори меъёр атрофида, баъзи жойларда ундан кўп бўлиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда март ойи одатда қандай ўтади?

Одатда, Ўзбекистонда март ойида ҳаво ҳарорати тез кўтарила бошлайди. Ўртача ҳаво ҳарорати февралга нисбатан 5−6 даражага, шимолда эса 7−8 даражага юқори бўлади. Ойнинг энг илиқ, айниқса иккинчи ярмида қуёш нурлари ҳавони +23…+28 даражагача, жанубда эса +30…+33 даражагача иситади.

Метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун март ойида қайд этилган энг юқори ҳарорат қийматлари ҳудуднинг катта қисмида +30…+33 даражани, жанубий ҳудудларда эса +34…+37 даражани ташкил этади.

Бироқ март жуда мураккаб ой деб ҳисобланади. Ушбу ой ҳаво оқимлари йўналиши тез-тез ўзгариши билан тавсифланади. Жанубдан жуда илиқ ҳавони жадаллик билан кириб келиши Волга бўйи, Урал ва Ғарбий Сибир ҳудудларидан совуқ ҳаво оқими кириб келиши билан алмашади, дейди мутахассислар.

Илиқ об-ҳаво даврлари совуқ даврлар билан алмашади, бунда ҳарорат кўпинча 0…-5 даражагача пасаяди.

Ўзбекистонда метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун март ойида мутлақ минимал ҳарорат ҳудуднинг катта қисмида −15…−20 даражани, Қорақалпоғистон Республикаси ва Қизилқум шимолида −23…−25 даражагачани ташкил этади. Устюртда эса 1954 йил март ойида ҳарорат -34…--37 даражагача пасайган.

Инфографика: Ўзгидромет.Инфографика: Ўзгидромет.

Сўнгги ўттиз йил ичида март ойида бундай паст ҳарорат кузатилмаган. Энг паст ҳарорат ҳудуднинг катта қисмида −6…−11, шимолда −11…−16, Устюртда −20…−23 даражани ташкил этган.

Ўзбекистонда март ойи — ёғингарчилик миқдори ва ёғингарчилик кузатиладиган кунлар сони бўйича йилда ёғингарчилик энг кўп бўладиган ой деб ҳисобланади. Ҳудуднинг катта қисмида (шимолий ҳудудлар ва чўл зонасидан ташқари) март ойида 10 кундан 15 кунгача ёғингарчилик бўладиган кунлар кузатилади.

Март ойида ёғингарчилик асосан ёмғир кўринишида ёғади, аммо ҳароратнинг кескин пасайиши даврида ёмғир қорга айланиши мумкин. Ушбу асрда 2012 йилнинг совуқ март ойи «энг қорли» давр бўлиб, бунда бир неча бор қор ёғиши ҳисобига қор қопламининг шаклланиши кузатилган, республиканинг текислик ҳудудида қор баландлиги баъзи жойларда 7−12 см га етган.