Халқ депутатлари Чуст тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туманга янги ҳоким тайинланди, деб хабар бермоқда Наманган вилояти ҳокимлиги.

Сессияда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов кун тартибидаги масала юзасидан қилган маърузасида Чуст туманида йўл қўйилган хато ва камчиликларни соҳалар бўйича бирма-бир танқидий таҳлил қилди.

Шундан сўнг депутатлар унинг Бекзод Ҳамдамовни Чуст тумани ҳокими лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарорини бир овоздан маъқуллади. Шунингдек, улар собиқ ҳокимнинг депутатлик ваколатини муддатидан олдин соқит қилиш ҳақидаги аризаси юзасидан кенгаш қарорини ҳам тасдиқлади.

Шундан сўнг вилоят раҳбари Чуст тумани ҳокими лавозимига тавсия этилган номзод — Бахтиёржон Салимжоновни таништирди.

«Музокарада сўзга чиққанлар туманнинг янги ҳокими атрофида жипслашиб, ҳудудни обод қилиш, аҳоли турмуш фаровонлигини янада оширишга ҳисса қўшишларини таъкидладилар», — дейилади хабарда.

Вилоят ҳокимининг Бахтиёржон Салимжоновни Чуст тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги қарори депутатлар томонидан бир овоздан тасдиқланди.

Эслатиб ўтамиз, Бекзод Ҳамдамов бу лавозимга 2020 йили июлида келганди. Ўшанда у собиқ ҳоким Баҳодир Охунов ўрнини эгаллаган.