18 февраль куни Самарқанд, Бухоро ва Жиззах вилоятларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида қисқа муддатли узилиш кузатилмоқда, дея хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳудудларда кучли шамол сабабли айрим электр тармоқларида носозлик юзага келган. Бунинг оқибатида 50 мингдан ортиқ истеъмолчи электр таъминотидан узилган:

  • Самарқанд вилоятининг Самарқанд, Пасдарғом, Булунғур, Жомбой, Тойлоқ ва Паяриқ туманлари истеъмолчилари қисман (35 000 та),
  • Бухоро вилоятининг Ромитан, Бухоро, Олот, Когон ҳамда Жондор туманлари истеъмолчилари қисман (15 000 та);
  • Жиззах вилоятининг Бахмал тумани истеъмолчилари қисман (700 та).

Ҳозирги вақтда вилоят электр тармоқлари корхоналарининг махсус бригадалари томонидан носозликларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Улар босқичма-босқич бартараф этилиб, истеъмолчиларнинг электр таъминоти қайта тикланади, дейилади хабарда.

Вазирлик бир кун аввал Бухоро вилоятида кучли шамол туфайли 2 та юқори кучланишли — «Л-Газли-1» ва «Л-Газли-2» электр узатиш тармоқларида носозлик юзага келганини билдирган.