13 февраль куни тунда Бухоро вилояти Когон тумани прокурори Б.Ғ. 90 минг доллар олган вақтида ДХХ ходимлари томонидан ушлангани айтилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz ёзмоқда.

Хабарга кўра, у вилоят прокуратураси иш юритувидаги «Когон ёғ-экстракция заводи» АЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши бўйича қидирувда бўлган жамият таъсисчисидан унга нисбатан қўлланган қамоқ эҳтиёт чорасини бекор қилиш ва жиноят иши бўйича енгиллик қилиб беришга келишган.

Бунинг эвазига воситачи орқали Бухоро шаҳри шошилинч тез тиббий ёрдам маркази биноси яқинида 90 минг доллар олган вақтида ушланган, дейилади маълумотда.

Ҳозирда ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.

Маълумот учун, Б.Ғ. 2022 йил апрелдан буён Когон тумани прокурори лавозимида ишлаб келаётганди.

Бош прокуратура ҳолат юзасидан маълумот берганича йўқ.