Президент фармойиши билан Воҳид Собирович Ҳамидов Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази директори лавозимидан озод этилди.

Марказ хабарида айтилишича, бундай қарор бошқа ишга ўтиш муносабати билан қабул қилинган.

Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил апрелдаги қарори билан Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ташкил этилган. Воҳид Хамидов июнь ойида унинг директори этиб тайинланганди.

Таълим марказига соҳа юзасидан кенг ваколатлар берилгани ҳақида ёзган эдик. Хусусан, таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари учун янги дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашр қилиш, мактабгача таълим, умумий ўрта таълим ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларини, шунингдек, ўқув курсларини моддий-техник жиҳозлаш талабларини ишлаб чиқади ва бошқалар.

Воҳид Ҳамидов бунгача Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида, шунингдек, Avtotest Mirobod`да раҳбар сифатида ишлаган. Шунингдек, у аудиокитоблар ва эртакларни икки тилда (ўзбек ва рус) овозлаштириш, ёш болалар учун босма материаллар ва стол ўйинларини ривожлантириш билан шуғулланувчи Novda Edutainment компанияси раҳбари бўлган.