Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, Фанлар академияси Тарих институти ҳамкорлигида Туркистондаги жадидчилик ҳаракатига бағишланган «Хотира йўлаги» кўргазмаси давом этмоқда.

«Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, кўргазмада ХIХ аср охири ва ХХ аср бошларидаги Туркистон ҳаёти ва жадидлар фаолиятига доир материаллар намойишга қўйилган.

Масс-медиа фонди директори Акрамжон Фозиловнинг таъкидлашича, «Хотира йўлаги» кўргазмаси Ўзбекистон тарихининг жадидчилик билан боғлиқ саҳифаларини ўрганишга хизмат қилади.

жадидлар, жадидчилик, кўргазма

Акрамжон Фозилов.

«Кўргазмада 20 дан ортиқ оргинал экспонатлар мавжуд. Бундан ташқари, турли суратлар ишланган, дарахт ва шу каби бошқа кўринишдаги махсус материаллардан ҳам фойдаланилган. Эътибор фақатгина экспонатларга эмас, балки ўша давр руҳини акс эттиришга, жадидларнинг ғояларини максимал етказишга қаратилган, — дейди Акрамжон Фозилов.

Кўргазма куратори Мақсуд Асқаровнинг айтишича, кўргазмадан жами 42 та экспонат ўрин олган. Уларнинг барчаси ХIХ аср охири ва ХХ аср бошларига оид этнографик эскпонатлар ҳисобланади.

Мақсуд Асқаров.Мақсуд Асқаров.

«11 та экспонат Фитрат ва Чўлпонга тааллуқли бўлиб, улар жадидларнинг авлодларни томонидан тақдим этилди. Шунингдек, Фитрат ва Беҳбудийнинг 1912 йилдан бошлаб ёзган дарсликлари, журналлари ва ўқув қўлланмалари ҳам кўргазмага киритилган», — деди у.

Мақсуд Асқаровнинг қайд этишича, ушбу кўргазма дастлаб 2023 йил 11−12 декабрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган «Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари» мавзусидаги халқаро илмий конференция доирасида ташкил этилган бўлиб, энди кенг жамоатчиликка кўрсатилмоқда.

«Уч йил олдин „Хотира сўқмоқлари“ лойиҳасини йўлга қўйган эдик. Ўтган вақт давомида Чўлпон, Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳамда Абдурауф Фитратнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган кўргазмаларни ташкиллаштирдик. Мазкур лойиҳани 1937−1938 йилларда биз учун китобдек ёпилган жадидларнинг ҳаёти ва фаолияти, уларнинг фикрларини оммалаштириш ҳамда руҳан англаш мақсадида бошлагандик», — дейди Асқаров.

Тошкентда 2023 йил декабрида ўтказилган конференция олдидан Масс-медиа фонди раҳбарияти «Хотира сўқмоқлари» доирасида қўйилган кўргазмаларни бирлаштирган ҳолатда янги кўргазма ташкил этиш ташаббуси билан чиққан. «Кўргазма дастлаб Конгресс-ҳоллда конференция қатнашчиларига намойиш этилди. Январда эса кенг оммага кўрсатиш учун Тасвирий санъат галереясига кўчирдик», — дейди намойиш куратори.

Тарих институти директори, академик Азамат Зиё мустақилликнинг дастлабки йилларида жадидчилик ҳаракати мактабда ўқитилмаганини, бу мавзу ҳақида очиқ-ойдин гапириш бошланганига «энди етти йил бўлгани»ни, бундай кўргазмалар ёшлар учун фойдали эканини айтиб ўтди.

«Мен бу кўргазмани кўрганда хайрон бўлмайман, буларнинг ҳаммасини тарихдан биламан. Лекин ёшларимиз бу ерга келганда улар учун янгилик бўлиб ҳам туюлиши мумкин, бу табиий ҳолат. Чунки биз ҳали жадидчилик ҳаракатини кенг кўламда одамларга етказиб берганимиз йўқ. Сизлар жадидчилик ҳаракати ҳақида мактабда дарсликларда ўқиганмисизлар? Йўқ. Мустақиллик йилларида бу ишни қилганимиз йўқ-ку, тарихий, диний ва маданий меросларимизни кўтарганимиз йўқ-ку. Бу ҳақда очиқ-ойдин гапирганимизга энди етти йил бўлди, тўғрими? Бу кўргазманинг энг катта амалий аҳамияти шундаки, одамларимиз, айниқса, ёшларимиз кўриб, ўзларига савол берсин», — деди академик.

«Хотира йўлаги» кўргазмаси Тасвирий санъат галереясида 18 февралга қадар давом этади.