Қорақалпоғистондаги Жилтирбас кўли халқаро аҳамиятга эга бўлган сув-ботқоқ ерлар рўйхатига киритилди. Бу ҳақда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Самарқандда ўтказилаётган CMS COP14 халқаро конференция матбуот анжуманида маълум қилди.

Қайд этилишича, Рамсар конвенцияси котибияти Ўзбекистоннинг бешинчи табиий объекти — Қорақалпоғистондаги Жилтирбас кўлини халқаро аҳамиятга эга бўлган сувли-ботқоқли ерлар рўйхатига киритилгани тўғрисидаги сертификат берган. 2023 йилнинг октябрь ойида рўйхатга тўртинчи объект — Судочье кўллари тизими киритилганди.

«Бу — барчамиз учун катта воқеа. Бешинчи объектни Рамсар рўйхатига киритиш бўйича ишлар Экология вазирлиги томонидан 1,5 йил давомида амалга оширилди. Табиий объектнинг ўзи 15 йил давомида ўрганилди», — деди вазир.

Жилтирбас кўли — Орол денгизининг собиқ қўлтиғи бўлиб, у денгиз сатҳи кескин пасайгач, ажралиб чиққан. Ҳозирда табиий манба — Амударё сувлари билан озиқланади. Бу ерда Жанубий Орол денгизининг маҳаллий фаунасини сақлаб қолинган.

Сўнгги йилларда қўшимча суғориш каналлари қазилган, улар сув сатҳини фаунанинг ўзгаришига таъсир қилмаслиги учун ушлаб туради. Кўл минтақадаги Орол денгизининг қуриган тубида ҳосил бўладиган туз ва чанг бўронларини ушлаб турувчи тўсиқлардан бири ҳам ҳисобланади.

Оролбўйи минтақасида Жилтирбас халқаро миқёсда кам учрайдиган қушлар учун ҳам, Ўрта Осиё чўлларининг биологик хилма-хиллиги, шу жумладан, зич қамиш ва буталар, шўр ботқоқликлар, каналлар ва чўллар учун ҳам уя қуриш ва миграция даврларида катта аҳамиятга эга. Бундан ташқари, кўл Оролбўйи ҳудудига хос ноёб балиқ турларининг яшаш жойи ҳисобланади, дейилади хабарда.

Маълумот учун, бунга қадар Денгизкўл 2001 йилда, Айдар-Арнасой кўллар тизими 2008 йилда ва Тўдакўл ҳамда Қуймазор сув омборлари 2020 йилда халқаро аҳамиятга эга бўлган сув-ботқоқ ерлар рўйхатидан жой олган.