«Ўзбекнефтгаз» раҳбари Баҳодиржон Сидиқов АЖ дизель ёнилғиси нархини 15 фоизга пасайтирмоқчи эканини маълум қилди.

Бу бўйича 13 февраль куни президент раислигида ўтган видеоселектр йиғилишида топшириқ берилган.

Баҳодиржон Сидиқов «Ўзбекнефтгаз» олдида 2024 йилда 680 минг тонна дизелни арзонлаштирилган нархда фермер хўжаликларига етказиб бериш вазифаси турганини таъкидлади. Унинг айтишича, «Ўзбекнефтгаз» томонидан ушбу вазифа ижроси таъминланади.

«Биз 2024 йилда 2023 йилга нисбатан қўшимча 200 минг тонна дизель ёнилғисини ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз. Дизель етказиб бериш бўйича миқдор жиҳатидан ҳеч қандай масала бўлмайди. Яна бир топшириқ дизель ёнилғисини арзонлаштирилган нархда етказиб бериш бўйича бўлди. Биз бир ҳафта давомида барча ҳисоб-китобларимизни якунлаб, дизель ёнилғисининг биржага қўйиладиган нархларини 15 фоизга камайтириш бўйича барча чораларни кўряпмиз», — деди Сидиқов.

Қайд этилишича, ушбу дизелнинг сифатли бўлишини, ўз вақтида етказиб берилишини таъминлаш учун янгича тартиб ўрнатилади. Янгича тартиб орқали ҳудудлар кесимида «Ўзбекнефтгаз»нинг марказий аппарати ва нефть базалари, бундан ташқари, фермерларга хизмат кўрсатувчи ёнилғи қуйиш шохобчаларидаги масъулларнинг алоҳида вазифалари белгилаб берилади.

Бундан ташқари, фермерлар учун «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти раҳбарига ўз саволлари ёки таклиф ва мулоҳазаларини юбориш мумкин бўлган Telegram гуруҳи очилган. Фермерлар 71−233−28−88 рақамларига ҳам қўнғироқ қилишлари мумкин, деди компания раҳбари.

Йил бошидан 12 февралгача дизель ёқилғиси учун биржа котировкалари 8,8 фоизга ошди — бир тонна учун 11,15 млн сўмдан 12,14 млн сўмгача, кунлик сотув ҳажми эса 540,9 тоннадан 2358 тоннагача кўпайди. Шу билан бирга, роппа-роса бир йил аввал биржада дизель ёқилғиси 12,3 млн сўмдан сотилган, нарх маълум муддат 14 млн сўмдан ҳам ошган.

Таққослаш учун: Қозоғистонда жорий йилнинг январь ойида дизель ёқилғисининг ўртача тортилган нархи бир тонна учун 271,2 минг тенгени (7,46 млн сўм), февралда эса 279,4 минг тенгени (7,7 млн сўм) ташкил қилган. Қирғизистон ва Туркманистонда ҳам нархлар Ўзбекистонникидан паст.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилда Ўзбекистонда 1,01 млн тонна дизель ёқилғиси ишлаб чиқарилган, бу ўтган йилга нисбатан 26,6 фоизга ёки 212,4 минг тоннага кўп.