Қозоғистонда сайғоқларни отиш 10 февралдан бошлаб тўхтатилди, деб ёзмоқда Tengrinews.kz экология ва табиий ресурслар вазири Ерлан Нисанбаев баёнотига таяниб.

«Сайғоқларни отиш маҳаллий олимлар ва халқаро экспертлар билан маслаҳатлашув ва муҳокамалардан сўнг тўхтатилди. Қолаверса, қиш вақтида даштда ҳаракатланишда қийинчиликлар мавжуд», — деди Нисанбаев (Tengrinews.kz иқтибоси).

Вазирнинг сўзларига кўра, яқин орада Қозоғистонда сайғоқлар сони 40 фоизга ошиб, 2,5−2,6 миллион бошга етиши кутилмоқда. Аҳоли сонининг ўсиши, айниқса, Ғарбий Қозоғистон вилоятида яйлов етишмаслиги сабабли 2025 йилда сайғоқларни овлашни тиклаш режалаштирилган.

Қозоғистонда сайғоқлар Қизил китобга киритилмаган, аммо уларни овлаш тақиқланган ва ноқонуний ов қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Сўнгги 10 йил ичида мамлакат ҳукумати табиатни муҳофаза қилиш бўйича давлат дастурлари туфайли сайғоқлар сонини 60 баробарга оширишга эришди. Ушбу ҳайвонларнинг популяцияси ўсиб бориши билан маҳаллий фермерлар ҳосилнинг йўқотилишидан шикоят қила бошлади.

Натижада 2023 йил октябрь ойида сайғоқлар тартибга солинадиган ҳайвонлар рўйхатига расман киритилди. Популяцияни назорат қилиш кундузи тўрлар ўрнатиш ва кечаси отиш орқали амалга оширилади. Умуман олганда, расмийлар сайғоқ популяциясини 20 фоизга қисқартиришни мақсад қилган.