Президент Шавкат Мирзиёев 12 февраль куни бўлиб ўтган қишлоқ хўжалиги бўйича видеоселектор йиғилишида соҳада ҳисоб-китоб интизомида камчиликлар борлиги айтиб, кластерларнинг фермерлар олдидаги қарздорлиги ҳали тўлиқ тўланмаганини таъкидлади.

Қайд этилишича, янги тизимга кўра, олдинги қарзини 1 апрелгача ёпмаган кластер билан фьючерс шартномаси бекор қилинади ва фермерга пахтани биржада сотишга рухсат берилади.

Президент маълумотни электрон платформага тўлиқ киритган ва фьючерс шартнома имзолаган фермерга кредит кўпи билан уч кун ичида ажратилиши шартлиги таъкидлади.

2024 йилги пахта ва ғалла ҳосили учун бюджетдан 10 трлн сўмдан зиёд имтиёзли ресурс ажратилди. Кластер, фермер ва деҳқонлар имтиёзли кредит олишини осонлаштириш мақсадида очиқ-ошкора платформа ишга тушди. Лекин 2024 йил пахтасини сотиш бўйича фьючерс шартномаси тузган фермерларнинг маълум қисми кредитларни ҳалигача олмаган.

«Сабаби, айрим банклар „ресурс йўқ, гаров таъминоти керак“, деган баҳоналар билан тайёр маблағни бермаяпти», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.