Украина Қуролли кучлари (УҚК) бош қўмондони Валерий Залужний ўз лавозимини тарк этди. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский маълум қилди.

Зеленский ўз мурожаатида Залужний билан учрашгани ва унга Украинани икки йил давомида ҳимоя қилгани учун миннатдорлик билдирганини таъкидлади.

«Биз бугун армияга қандай янгиланишлар кераклиги ҳақида очиқ гаплашдик. Шошилинч янгиланишлар. Мен генерал Залужнийни Украина ҳукумати таркибида бирга бўлишни давом эттиришга таклиф қилдим. Мен унинг розилиги учун миннатдор бўламан», — деди Украина раҳбари.

Қуруқликдаги қўшинлар қўмондони, генерал-полковник Александр Сирский УҚК янги бош қўмондони этиб тайинланди.

«Бугун УҚК раҳбариятини янги бошқарув жамоаси ўз қўлига олади. Мен Работино ёки Авдеевкадаги, шунингдек, бош штаб ва штаб-квартирадаги аскарларимиз уруш ҳақида бир хил тасаввурга эга бўлишини хоҳлайман. Турли даражадаги қўмондонлар билан ўнлаб суҳбатлар ўтказдим. Хусусан, бугун генераллар Андрей Гнатов, Михаил Драпатий, Игор Скибюк ва полковниклар Павел Палиса ва Вадим Сухаревский билан суҳбатлашдим. Уларнинг барчаси армиядаги раҳбарлик лавозимларига кўриб чиқилмоқда ва энг тажрибали украиналик қўмондон раҳбарлигида хизмат қилади», — таъкидлади Зеленский.

Залужнийнинг ўзи ҳам Зеленский билан учрашув ҳақида ёзди ва улар ўртасида «муҳим ва жиддий суҳбат» бўлганини айтди. «Ёндошув ва стратегияни ўзгартириш зарур деб қарор қилинди», — деб ёзди у.

  • Украина ва Ғарб оммавий ахборот воситалари сўнгги бир неча ҳафта давомида Зеленский Залужнийни лавозимидан бўшатишга қарор қилгани ҳақида ёзмоқда. Украина ҳарбий ва сиёсий раҳбарияти ўртасидаги келишмовчиликлар сабаблари сифатида Залужнийнинг машҳурлиги ортиб бораётгани ва УҚКнинг ўтган ёзда мамлакат жанубидаги муваффақиятсиз қарши ҳужуми келтирилган.