Qatar Airways Ўзбекистонга парвозларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда, дея хабар қилди авиакомпания.

Компания Доҳа — Тошкент — Доҳа йўналиши бўйича парвозларни йўлга қўймоқда. Биринчи парвоз 2024 йил 2 июнга белгиланган. Йўловчи рейслари ҳафтасига тўрт марта — душанба, чоршанба, жума ва якшанба кунлари Airbus А320 самолётларида амалга оширилади.

«Биз учун бу даражадаги йирик авиакомпаниянинг Тошкент аэропортига парвоз қилиши жуда муҳим. Биз ҳар йили нафақат рейслар географиясини кенгайтириш, балки хорижий авиаташувчилар сонини кўпайтириш, бозорда соғлом рақобатни ривожлантириш ва шу билан бирга, йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш устида иш олиб борамиз», — дея таъкидлади Uzbekistan Airports.

Qatar Airways бош қароргоҳи Доҳада жойлашган Қатар миллий авиакомпанияси ҳисобланади. Авиакомпания дунё бўйлаб 170 дан ортиқ йўналишларга парвоз қилади. Qatar Airways кўплаб нуфузли мукофотларни қўлга киритган ва Skytrax томонидан етти марта «Дунёнинг энг яхши авиакомпанияси» деб топилган.

Авиакомпания 2021 йилда 7 сентябрь куни Ўзбекистонга авиақатновларни амалга ошириш учун рухсатнома олганди.