Сенатнинг 9 февраль куни ўзининг эллигинчи ялпи мажлисида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонунни кўриб чиқиб, маъқуллади.

Қонун 4 та моддадан иборат бўлиб, унда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 84, 211, 245, 249 моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенатда ёнғинларнинг олдини олиш соҳасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигига қарамасдан, аҳолининг маиший ҳаётида ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида ёнғинлар билан боғлиқ оғир оқибатли нохуш ҳодисалар рўй бераётгани таъкидланди. Жумладан, 2023 йилда 10 204 та ёнғин ҳодисаси юз бериб, унда 251 нафар фуқаро жабрланган, шундан 79 нафари вафот этган, жисмоний ва юридик шахсларга эса 270,4 млрд сўмлик зарар етказилган.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш, агар ёнғин чиқишига олиб келган бўлса, маъмурий жавобгарликни белгилаш кўзда тутилмоқда. Бунда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс кодекснинг 38-моддасига мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида келтирилган зарарни қоплашдан озод этилмайди. Амалда бунинг учун алоҳида жавобгарлик назарда тутилмаган.

Юқори палатанинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров айтишича, 2018−2022 йилларда республика ўрмон хўжаликларида жами 40 та ёнғин аниқланган, 431 гектар ўрмонзорлар жиддий зиён кўрган. Бунинг ҳисобига давлатга 30 млрд сўмдан ортиқ зарар келтирилган.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 211 моддаси бўйича ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган ҳуқуқбузарларга нисбатан қўлланиладиган жазо санкцияларини ошириш назарда тутилмоқда.

Модданинг фуқароларга нисбатан қўлланиладиган минимал жазо чораси БҲМнинг 0,1 бараваридан 5 бараваригача этиб (34 минг сўмдан 1 млн 700 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 1 бараваридан 10 бараваригача (34 минг сўмдан 3 млн 400 минг сўмгача) этиб белгиланмоқда (амалда фуқароларга БҲМнинг 0,1 бараваридан 1 бараваригача (34 минг сўмдан 340 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса 1 бараваридан 3 бараваригача (340 минг сўмдан 1 млн 20 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади).

Бундан ташқари, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлиги туфайли уй-жой фондида одамларнинг соғлиғига зарар етиши ёхуд ўзганинг мол-мулки шикастланиши ёки унинг йўқ қилиниши билан боғлиқ бўлмаган тарзда ёнғин содир бўлганда мазкур шахс ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликдан озод қилиниши назарда тутилмоқда.