Қозоғистон ҳукумати тиббиёт муассасаларида ниқоб режимига қайтди ва жамоат жойларида ҳам ниқоб тақишни тавсия қилди. Бу ҳақдаги қарорни 8 февраль куни бош санитария шифокори Айжан Есмагамбетова имзолаган.

Ушбу чора мамлакатда COVID-19, қизамиқ ва бошқа ўткир респиратор вирусли инфекциялар тарқалишини тўхтатиш мақсадида кўрилди, дейилади ҳужжатда.

Энди тиббиёт муассасаларида ходимлар ҳам, ташриф буюрувчилар ҳам ниқоб тақишлари шарт. Бундан ташқари, масъул давлат органларига тиббиёт муассасаларини антисептиклар билан таъминлаш мажбурияти юклатилди.

Шунингдек, фуқароларга гавжум жойларда (бозорлар, савдо марказлари, театрлар, кинотеатрлар ва бошқалар) ҳамда барча транспорт турларида ниқоб тақиш тавсия этилди.

Бир кун аввал COVID-19 бўйича ноқулай эпидемиологик вазият туфайли Қозоғистон парламенти қуйи палатасида ниқоб тақиш тартиби жорий қилинган эди. Депутатлар вақтинчалик онлайн режимда йиғилиш ўтказиб туради. Палата спикери Ерлан Кошанов ковид билан касалланганлардан бири бўлганди, деб хабар беради Zakon.kz.