Афғонистон Ўзбекистонга икки йил давомида тўпланган электр энергияси учун қарзини тўлади, деб хабар бермоқда Афғонистоннинг Hasht-e Subh Daily нашри Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) энергетика компанияси вакили Ҳикматуллоҳ Майвандийга таяниб.

Унга кўра, компания Эрон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонга электр энергияси импорти бўйича 627 миллион долларлик қарзни тўлиқ қайтарган. Қарзларнинг бир қисми 2021 йил августигача мамлакатни бошқарган Ашраф Ғанининг аввалги ҳукуматидан қолган.

«Газета.uz» ўрганган «Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти маълумотларига кўра, 2022 йил охири ҳолатига кўра Афғонистон Ўзбекистондан 4,05 миллион доллар қарздор бўлган. Ўтган йили Афғонистон томонига 91,18 миллион долларга 1,82 миллиард кВт/соат электр энергияси етказиб берилган (бир кВт/соат учун тахминан 5 цент). 2023 йилда Афғонистондан 93,5 миллион доллар олинган.

Жорий йилнинг январь ойида яна 320 миллион кВт/соат электр энергияси 15,99 миллион долларга етказиб берилган. 1 феврал ҳолатига кўра, Афғонистоннинг қарзи 1,24 миллион долларни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон ва Афғонистон электр энергияси етказиб бериш бўйича келишувни 2024 йилгача узайтирган эди. Афғонистон томони Ўзбекистон Энергетика вазирлигидан энергетика соҳасидаги инфратузилма муаммоларини ҳал этиш ва электр энергияси етказиб бериш ҳажмини оширишни сўраган.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов DABS`ни учта энергетика объекти таъмирлангач, Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш тикланади, деб ишонтирганди.

2019 йил сентябрь ойида «Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари» корхонаси Da Afghanistan Breshna Sherkat компанияси билан электр энергияси етказиб бериш бўйича 10 йил муддатга шартнома тузганди. Кейинчалик энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев дастлабки босқичда етказиб бериш ҳажми 4,2 миллиард киловатт/соатни ташкил этиши, сўнг 6 миллиард киловатт/соатга етказилишини маълум қилган.

Ўзбекистон 2002 йилдан буён Афғонистонга мунтазам равишда электр энергияси етказиб бермоқда. Шу вақт ичида, 2019 йил якунига кўра, етказиб бериш ҳажми 62 миллион киловатт/соатдан қарийб 2,6 миллиард киловатт/соатгача ошди. Илгари етказиб бериш шартномалари ҳар йили тузилар эди.