«Ўзсувтаъминот» компанияси маълумотларига кўра, 2023 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон аҳолисини марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 74,4 фоизни ташкил этди. 2026 йил охиригача бу кўрсаткич 88,9 фоизга етиши режалаштирилган.

2023−2026 йилларда 1405 та маҳалла марказлаштирилган сув таъминоти билан қамраб олиш режалаштирилган бўлиб, шундан 470 таси халқаро молия институтлари ҳисобидан, 795 таси «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари бўйича, 28 таси давлат ижтимоий буюртмалари ҳисобидан, 112 таси эса маҳаллий бюджетлар ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 2026 йил охиригача қўшимча 5,2 миллион киши марказлашган ичимлик суви билан таъминланади.

Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик кўрсаткичларини қандай қилиб тасдиқлаш мумкин?

Одатда ичимлик суви бидлан таъминланганлик даражаси у ёки бу тарзда ичимлик суви тармоғи мавжуд бўлган кўча ва маҳаллаларда яшовчи аҳоли сонини автоматик тарзда ҳисоблаш йўли орқали амалга оширилади.

Аслида эса марказлашган ичимлик суви тармоғи ва биллинг системасига уланган ҳамда сув етиб боргани тасдиқдланган уй ҳўжаликлари сони ҳисобини юритиш ва ушбу маълумотларни геоахборот тизимларида (ГИС харита) ёритиб бориш таъминланганлик даражасини ҳаққоний баҳолаш усули ҳисобланади. Бу президентнинг 2023 йил 24 октябрдаги қарорида ҳам кўзда тутилган.

«Ўзсувтаъминот» АЖ биллинг тизими маълумотларига этибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунда ичимлик суви тармоқларига уланган абонентлар сони 4,5 млн уй хўжаликларини ташкил қилади (якка тартибдаги уйлар ва кўп қаватли уйлардаги хонадонлар). Кадастр агентлиги маълумотларига кўра эса 2024 йил 1 январь ҳолатига республикада 7,7 млн уй ҳўжаликлари мавжуд. Оддий математик ҳисоб-китоблар билан қамров даражаси 58 фоиз атрофида эканини кўриш мумкин.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш охирги марта 1989 йилда ўтказилганини ҳисобга олсак, қамров даражасининг ахоли сонидан келиб чиқиб ҳисобланиши ҳам ушбу маълумотнинг қай даражада ишончли эканини шубҳа остига қўяди.

жамоатчилик назорати, ичимлик суви таъминоти, натижаларга эришиш офиси

Сув таъминоти лойиҳаларини амалга оширишда муаммолар борми?

Бундай лойиҳаларни амалга оширишда муаммолар етарли. Сўнгги йилларда ичимлик суви таъминоти соҳасида 25 та лойиҳа доирасида халқаро молия ташкилотларидан 2,5 миллиард доллар жалб этилди. Биргина ўтган йилнинг ўзида ушбу мақсадлар учун барча манбалар ҳисобидан 8 триллион сўм маблағ йўналтирилган.

Бу — жуда катта маблағ. Шу ўринда Ўзбекистон Респбуликаси президенти 29 январь куни уй-жой ва коммунал хўжалиги, қурилиш, транспорт ва экология соҳаларидаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда бюджет ва бошқа маблағлардан самарали фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

Маҳаллий аҳолини жалб қилиш

Ичимлик суви лойиҳалари амалга оширилаётган маҳаллаларнинг аҳолисини ушбу қурилиш жараёни устидан назорат ўрнатишга жалб қилиш самарасиз лойиҳалар муаммосини ҳал этишнинг энг унумли усули ҳисобланади.

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида 2023 йил ноябрь ойида ўтказилган хариталаш тадбири доирасида миллионлаб долларлик сув таъминоти лойиҳалари амалга оширилаётган 13 та маҳалла фуқаролар йиғини раислари билан учрашув ташкил этилди. Маълум бўлишича, халқаро молия институтлари кредит шартномаларини тайёрлашда, шунингдек, аҳолини кўчириш режасини мониторинг қилишда (агар яшаш жойи бузилиши керак бўлса) ёки лойиҳаларнинг экологик жиҳатларини мониторинг қилишдагина лойиҳа ҳудудларидаги жамоатчилик вакиллари билан учрашув ва консультациялар ўтказади. Лекин бу етарли эмас.

Муҳокама давомида маълум бўлдики, Тошкент вилоятидаги лойиҳалар рўйхатида (ХМИ кредитлари ҳисобидан) алоҳида маҳаллалар номи сифатида маҳаллалар ичидаги кўчалар номлари кўрсатилган. Бундан ташқари, кредит шартномаси имзоланган (2019 йил) ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари тасдиқланганидан кейин ўтган даврда маҳаллалар чегаралари ва топонимик номлар ўзгарган. Бу эса, ўз ўрнида, лойиҳанинг бориши даражаси ва аҳолини қамраб олиш кўрсаткичини қайта ҳисоблашга қандай таъсир қилгани номаълум.

Шубҳасиз, маҳалла аҳолисининг лойиҳаларни амалга ошириш жараёни мониторингида иштирок этмаслиги сув таъминоти тармоқларини ривожлантириш схемаларини режалаштиришда қийинчиликларга олиб келади.

жамоатчилик назорати, ичимлик суви таъминоти, натижаларга эришиш офиси

Халқаро тажриба

Ривожланган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, инфратузилма лойиҳалари бошланишидан аввал, албатта, жамоатчилик муҳокамалари ўтказилади. Якуний қарор маҳаллий ҳокимият органлари томонидан тўпланган маълумотлар ва аҳолидан олинган фикр-мулоҳазалар асосида қабул қилинади.

Маҳаллий ҳокимият органлари ва сув идоралари аҳолини жорий ва келажакдаги сув лойиҳалари тўғрисида хабардор қилиш учун мунтазам равишда ўз веб сайтлари ва интернет нашр ва босма материалларда маълумотларни тақдим этиб боради.

Маҳаллий аҳоли қарорлар қабул қилиш жараёнида фаол иштирок эта оладиган ишчи гуруҳлар ёки кенгашлар тузиш ҳуқуқига эга бўлади.

Қандай чоралар кўриш мумкин ва зарур?

Ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси бўйича барча ҳисобот маълумотларини хариталар ва географик ахборот тизимлари (ГИС) билан боғланган бўлиши муҳим. Ҳар бир ажратилган сўм, ҳар бир километр қувур координата тизимига уланган бўлиши, шаҳар ва туманларнинг ишлаб чиқилган бош режаларига мувофиқ ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини ривожлантиришнинг узоқ муддатли схемасини ишлаб чиқишда ҳисобга олиниши зарур.

Жорий ва режалаштирилаётган сув таъминоти лойиҳаларининг тўлиқ рўйхатини ва маълумотлари тегишли вилоят ҳокимликлари веб сайтларида жойлаштириш, бунда аҳолига лойиҳаларнинг номи, молиялаштириш манбалари, амалга ошириш муддатлари ва босқичлари, аниқ кўчалар ва маҳаллалар, уланиш схемалари, мутасадди ташкилотлар (буюртмачи, пудратчи, лойиҳалаш институти ва техник назоратчининг исм ва алоқа рақамлари) ҳақида, шунингдек, хизматдан фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари тўғрисидаги батафсил маълумотлар кўрсатилиши зарур.

Бундан ташқари, сув таъминоти лойиҳаси амалга оширилаётган барча маҳаллаларда ягона типдаги баннерларни (объект паспортларини) жойлаштиришни дорий қилиш зарур. Баннерда лойиҳа номи, молиялаштириш манбалари, амалга ошириш муддатлари ва босқичлари, аниқ кўчалар ва маҳаллалар, уланиш схемалари, мутасадди ташкилотлар ва улар билан алоқа каналлари, шунингдек маҳалла фаоллари (жамоат комиссияси) рўйхати ва алоқа учун қулай QR коди кўрсатилган бўлиши керак. Баннерларни шу кўчанинг ҳар бир аҳолиси кўриши мумкин бўлган маҳалла биносиниг ташқари ва кўзга ташланадиган қисмига ўрнатишни йўлга кўйиш зарур.

Бундай ижобий тажриба аллақачон маҳаллий бюджет ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларда синовдан ўтган ва молиялаштириш манбасидан қатъи назар, барча лойиҳалар миқёсида тадбиқ этилиши зарур.

Фуқароларни камида минимал қурилиш назоратини ўтказишга ўргатиш зарур. Қувурлар ер остига ётқизилади, улар кўринмайди ва ўрнатиш сифатини текшириш имконияти чекланган. Шунинг учун қувурларни кўмишдан олдин аҳолини энг холис аудитор сифатида жалб қилиш муҳим — визуал текширувни ўтказиш учун аҳолига қувурларни ётқизиш ишларининг ҳар бир босқичида жараён қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги расмлар билан бойитилган асосий қўлланмаларни тарқатиш керак. Соҳа мутахассиси бўлмаган оддий фуқаролар, албатта, техник назорат ишларини амалга ошира олмаслиги мумкин, лекин улар қувурларнинг диаметрини, хандақнинг ўлчамини, қувурларни тўлдириш усулини (масалан, майдаланган тош, қум, тупроқ ва бошқалар билан) осонгина ажрата олади ва пудратчининг қонунбузарликлари ёки инсофсизлиги тўғрисида ўз вақтида хабар бера олади.

жамоатчилик назорати, ичимлик суви таъминоти, натижаларга эришиш офиси

«Ўзбекистон-2030» стратегиясида ҳам ичимлик суви сифати, сув таъминоти даражаси ва сув таъминоти ва канализация корхоналарининг самарадорлик кўрсаткичларини жорий этиш давлатнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Шу муносабат билан туманлар кесимида қуйида кўрсатилган параметрлар бўйича тасдиқланган маълумотларни мунтазам янгилаб туриш ва ГИС хариталарда боғланган ҳолда аҳолига мунтазам тақдим этиб боришнги йўлга қўйиш зарур:

  • фойдаланишга топширилган объектларнинг километрлари сони;
  • сув таъминотига уланганлик ва кўрсатилаётган хизматлар сифати ҳақида сўровнома ўтказилган одамлар сони;
  • фойдаланишга топширилган объектлар сони;
  • жамоатчилик ва манфаатдор томонларни жалб қилиш компонентни амалга оширилган лойиҳалар сони.

Аммо ГИС хариталари оммага тақдим этилиши учун қонун ҳужжатларига баъзи ўзгартиришлар киритиш керак. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 январдаги қарорига биноан, сув таъминоти тармоқлари ва иншоотларини акс эттирувчи махсус хариталар, режалар ва схемалар аҳолиси 100 мингдан ортиқ бўлган аҳоли пунктлари учун давлат сири ҳисобланади.

Ҳукуматнинг 2022 йил 26 октябрдаги қарорига биноан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги миллий фазовий ахборот инфратузилмасини ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш таркибига ичимлик сувига тааллуқли қисми учун масъуллар сифатида киритилган, чунки кўп йиллар «Ўзсувтаъминот» ушбу вазирликнинг таркибий органларидан бири эди. 2023 йилда «Ўзсувтаъминот» вазирликдан алоҳида орган сифатида чиқиб кетди, ичимлик суви кадастрини юритиш масалалари эса ҳеч кимга бириктирилмади, оқибатда эса бу иш тўхтаб қолди.

Юқорида айтиб ўтилган механизмларнинг амалга оширилиши, албатта, инфратузилма қурилишида шаффофлик ва масъулиятни, қурилиш сифатини оширишга ёрдам беради. Бундан ташқари, бундай қадамлар қурилиш жараёнида коррупцияни камайишига олиб келади, қолаверса, ҳукумат ва жамият ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш учун катта имкониятларга эга.

Шу ўринда ёзувчи Томас Фуллернинг сўзлари билан хулоса қилмоқчимиз: «Қудуқлар қўришни бошламасдан, сувни қадрлашни бошламаймиз». Муҳими — кечикмаслик.

Ушбу колонка Стратегик ислоҳотлар агентлигининг Натижаларга эришиш офиси томонидан тақдим этилган бўлиб, у 2026 йилга қадар соғлиқни сақлаш, мактаб инфратузилмаси ва ичимлик суви соҳаларида 12 та кўрсаткичга эришишга қаратилган. Мақсадлардан бири «Ўзсувтаъминот» АЖ билан биргаликда 5,2 млн кишига ичимлик сувини тўғридан-тўғри етказиш билан боғлиқ. Офис мунтазам равишда муҳим ташаббусларни жамоатчилик билан баҳам кўришни, уларни мулоқотга таклиф қилишни ва шарҳларда таклифлар алмашишни режалаштирмоқда. Яқин келажакда жамоатчиликка мақсадларга эришиш йўлидаги тараққиётни кузатиш имконини берувчи онлайн дэшборд ишга туширилади.