Ўз ходимасига шилқимлик қилган Тошкент вилоятида фаолият юритувчи Nurafshon TV телеканалининг бош муҳаррир ўринбосарига нисбатан суд ҳукми ўқилди. «Газета.uz» суд қарори ҳужжатини ўрганди.

2024 йил 6 февраль куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш)га оид суд иши кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, 27 январь куни 1988 йилда туғилган Ш. Х. (муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилган) ўз ходимасини иш жойига алдаб чақириб, унга тегажоғлик қилиб, уни бурчакка тақаб, ўпмоқчи бўлган. Қиз бундай ҳолат анчадан буён бўлиб келаётганини, бу ҳолатдан сўнг асабийлашиб қолганини билдириб, суддан Ш. Х.га нисбатан қонуний чора кўришни ва унга етказилган маънавий зарарни ундириб беришни сўраб, кўрсатув берган.

Судланувчи юқорида кўрсатиб ўтилган ҳуқуқбузарлик ҳаракатига иқрорлигини, ҳозирда қилган ишидан пушаймонлигини, қилмишининг оқибатларини тушуниб етганини, келгусида бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини билдириб, суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўраган.

Суд қарорига кўра, Ш. Х. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) билан айбдор деб топилган, унга нисбатан 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш бўйича фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.