Президент 18 ноябрь куни «Тошкент вилояти телерадиоканалини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорга имзо чекди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қарорга кўра, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимида Тошкент вилояти телерадиоканали — Nurafshon TV ташкил этилади.

Тошкент вилояти телерадиоканалининг асосий вазифалари этиб «вилоятнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва маданий-маърифий ҳаётида рўй бераётган ислоҳотлар, фаровонлик, тараққиёт ва бунёдкорлик йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳамда яратилган имкониятлар ҳақида аҳолини мунтазам хабардор қилиб бориш» белгиланди.

Телеканал, шунингдек, «жойларда ислоҳотларни амалга оширишга тўсиқ бўлаётган омилларни кенг жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқиш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар фаолияти юзасидан самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш»га кўмаклашиши керак.

Вазифалар рўйхатида «аҳолининг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларда қатъий фуқаролик позициясини шакллантириш, сифатли давлат хизматларини кўрсатиш ва улардан самарали фойдаланиш масалаларини теле- ва радиодастур орқали ёритиш» ҳам ўрин олган.

Телеканалда «ҳудуднинг тарихи, маданияти, санъати, адабиёти ва урф-одатлари, бой табиати, сўлим гўшалари ва туризм салоҳиятини акс эттирувчи, уларни ўрганиш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилишга йўналтирилган кўрсатув ва эшиттиришлар» тайёрланади.

Бундан ташқари, телеканал «аҳолининг интеллектуал ва маданий савиясини ошириш, фуқароларнинг онгида демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, ёшлар ва ўсиб келаётган авлодни ватанпарварлик, умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш ва миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялашни тарғиб қилиш» билан ҳам шуғулланади.

Тошкент вилояти телерадиоканали ходимларининг чекланган штатлари сони 69 нафар, шу жумладан, бошқарув ходимлари сони 4 нафардан иборат бўлиши белгиланди.

Вилоят телерадиоканалининг ташкилий тузилмаси Миллий телерадиокомпания тизимидаги тегишли ташкилотларнинг тузилмасини мақбуллаштириш ва мавжуд штатларни қисқартириш ҳисобига ташкил этилади.

Нурафшон шаҳрида Тошкент вилояти телерадиоканали учун бино қуришга 1,3 гектар ер майдони ажратилди.

2023 йил охиригача Тошкент вилояти телерадиоканали эфир сигналини рақамли телевидениенинг умумий фойдаланиладиган ижтимоий пакетида Тошкент вилояти ҳудудига тўлиқ етказилиши керак.