Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳудуддаги маҳаллаларда «шарманда доскаси» жорий этилиб, уларда жиноят содир этганларнинг суратлари илиниши ҳақида хабарларга муносабат билдирди.

Қайд этилишича, бу каби деворий пешлавҳалар маҳаллаларга тарқатиш учун тайёрлаб қўйилгани мутлақо асоссиз ҳисобланади.

«Инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи бу каби маълумотларнинг чиқарилишига йўл қўйилмайди!» — дея таъкидланади хабарда.

ИИБнинг тушунтиришича, мазкур ҳолатда маҳаллаларга ўрнатиладиган «эълонлар тахтаси»ни чикаришда босмахона томонидан хатоликка йўл қуйилган. Шунинг учун бу баннерлар вилоятдаги бирор-бир маҳаллага ўрнатилмаган. Шу билан бирга, туман-шаҳар ИИБ ва маҳаллаларга бу мазмундаги топшириқ ёки кўрсатма берилмаган.

Бир кун аввал Кармана тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари Набижон Чўлиевнинг ҳолатга изоҳ бериб, тахтанинг номланишида хатолик кетгани, аммо бундай эълон жойлаштириш Вазирлар Маҳкамасининг қарорида мавжуд эканини айтганди.

«Ҳозирда хатоликни тузатиб, маҳаллаларга шундай эълонлар тахтасини ўрнатиб чиқяпмиз. „Шарманда доскаси“ Кармана туманидаги маҳаллаларга тарқатиш учун тайёрлаб қўйилган», — деганди у.

Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили эса бунга қарши чиққан ва маҳаллалардаги эълон тахталарига айбдор деб топилган шахснинг фотосурати ва у ҳақидаги маълумотлар жойлаштириш амалиётини инсон ҳуқуқларига зид деб ҳисоблашини маълум қилган.