Kun.uz Навоий вилоятидаги маҳаллаларда «Шарманда доскаси» пайдо бўлгани, уларда жиноят содир этган шахсларнинг суратлари илиниши ҳақида ёзди. Кармана тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари Набижон Чўлиевнинг ҳолатга изоҳ беришича, бунда тахтанинг номланишида хатолик кетган.

«Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган низомда суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган шахснинг фотосурати у томонидан содир этилган жиноят тўғрисидаги маълумот билан бирга маҳалла фуқаролар йиғинидаги барчага кўринадиган эълонлар тахтасига бир ойлик муддатга жойлаштирилиши белгиланган», — дейди Чўлиев.

Унинг қайд этишича, жойларда фирибгарлик ҳолатлари кўпаймоқда. Айрим маҳаллаларда одамлар ўша маҳаллада яшовчи, фирибгарлик жиноятини содир қилган шахсни танимасдан, унга алданиб қоляпти.

«Шунинг учун низом талабларини бажариб, шундай шахслар ҳақидаги маълумотни белгиланган тартибда эълонлар тахтасига илдириб қўямиз. Аслида эълонлар тахтаси бўлиши керак эди, уни тайёрлашда хатоликка йўл қўйилган. Ҳозирда хатоликни тузатиб, маҳаллаларга шундай эълонлар тахтасини ўрнатиб чиқяпмиз. „Шарманда доскаси“ Кармана туманидаги маҳаллаларга тарқатиш учун тайёрлаб қўйилган», — дейди у.

Омбудсман муносабати

Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ахборот хизмати Конституцияда инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз экани белгилаб қўйилганини таъкидлади.

«Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланган», — дейилади хабарда.

Омбудсман, шунингдек, Жиноят кодексининг 7-моддасида жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари жисмоний азоб бериш ёки инсон қадр-қимматини камситиш мақсадини кўзламаслиги қайд этилганини эслатди.

«Юқоридагилардан келиб чиқиб, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) маҳаллалардаги эълон тахталарига айбдор деб топилган шахснинг фотосурати ва у ҳақидаги маълумотлар жойлаштириш амалиётини инсон ҳуқуқларига зид деб ҳисоблайди».