Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги «Янгибозор» ва «Ерқўрғон» бозорлари олдида ерости ва ерусти пиёдалар йўлаклари қурилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигида Қарши шаҳрида ижтимоий-иқтисодий ва коммунал соҳани ривожлантириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ўтказилган тақдимотда маълум қилинди.

«Ерости ва ерусти [пиёдалар ўтиш жойларини қуриш] бошланиши керак. Ҳақиқатан ҳам, «Ерқўрғон»нинг олдида ҳам, «Янгибозор»нинг олдида ҳам [йўлдан] ўтиб бўлмайди. Бу ҳам одамларнинг кайфияти билан боғлиқ. Бошлатиб юборишимиз керак. 3−4 миллиардга бўлиб кетади», — деди вилоят ҳокими Муротжон Азимов.

Тақдимотда айтилишича, «Янгибозор» олдида «Орзу» бозорининг олдидаги каби ерусти ўтиш йўли, «Ерқўрғон» бозори олдида эса ерости ўтиш йўли қурилиши режалаштирилган. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, бу объектлар орқали «Янгибозор» ва «Ерқўрғон» бозорлари олдидаги ЙТҲлар ва тирбандликнинг олдини олиш мақсад қилинган.

2019 йилда «Газета.uz» ерусти пиёдалар ўтиш жойлари қандай қилиб шаҳарни янада хавфлироқ маконга айлантириши ва одамларни ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, йўл ҳаракати қоидаларини бузиб ҳаракатланишга мажбурлаши ҳақида материал тайёрлаганди.

Бундан ташқари, яқинда нашримизнинг «НОҚулай шаҳар» лойиҳаси доирасида ерости ва ерусти пиёдалар ўтиш жойлари фуқароларга кўплаб ноқулайликлар туғдириши, пиёдаларни йўлни кесиб ўтишда таваккал қилишга мажбурлаши ҳақида видео эълон қилинган.

Шаҳарсозлик бўйича мутахассисларнинг ерусти ва ерости ўтиш жойлари нафақат ҳаракатланиш имконияти чекланган одамлар учун, балки барча ҳаракат иштирокчилари учун ноқулайлик туғдиришини таъкидлайди. Ёш ва имконияти чекланмаган пиёдалар ҳам вақт ва кучни тежаш учун, айниқса, зинапоядан юқорига ва пастга тушиш ва бурилишлар босиб ўтиладиган йўлни сезиларли даражада узайтиргани учун йўлни тўғридан-тўғри кесиб ўтади. Қоидага ўлароқ, тўсиқлар одамларни тўхтатмайди. Буни биз эслаб ўтган видеолавҳа яхши тасвирлайди.

Ҳайдовчилар ерости ва ерусти пиёдалар ўтиш жойларига яқинлашганда ўз тезлигини оддий пиёдалар ўтиш жойлари олдида кузатилгани каби пасайтирмайди, чунки у ердан пиёдалар ўтишини кутмайди. Бу эса мазкур объектлар яқинидаги ҳудудларни хавфли жойга айлантиради.

Шаҳарсозлик бўйича мутахассислар бундай жойларда ЙТҲлар ва тирбандликнинг олдини олиш учун пиёдалар ҳаракатини тўғридан-тўғри ташкил этиш, пиёдалар ўтиш жойларини светофор билан таъминлаш ва одамлар қатнови учун транспортнинг машинадан бошқа муқобилларини таклиф этиш ва рағбатлантириш кераклигини таъкидлайди.