2023 йил давомида миллий тўлов тизимлари бўлган Uzcard ва Humo тизимларида амалга оширилган картадан картага пул (P2P) ўтказмалари 224,3 трлн сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 80,8 трлн сўмга ёки 56 фоизга кўп, дея хабар берди Марказий банк матбуот хизмати.

2023 йилдаги P2P тўловларининг 65,7 фоизи Uzcard ва 34,3 фоизи Humo тўлов тизими ҳиссасига тўғри келиб, 2022 йилда тўлов тизимларининг улуши мос равишда 68,3 фоиз ва 31,7 фоиз бўлган.

Шунингдек, 2023 йилда QR-online ахборот тизими томонидан тадбиркорлик субъектларига тақдим қилинган QR-кодлар сони 2022 йилга нисбатан 3 мингтага ортиб, 100,7 минг донага етган ва транзакциялар суммаси қарийб 2,5 баробарга ортиб, 137 млрд сўмдан 337 млрд сўмгача ошган.

Маълумот ўрнида, QR-online тизими банк картаси ва тўлов терминалидан бевосита фойдаланмаган ҳолда банк картасидаги маблағлар ҳисобидан товар ва хизматлар учун мобил иловалар ёрдамида QR-код орқали тезкор тўловларни амалга ошириш мақсадида ишга туширилган.