7 февраль тонгида Самарқанд ва Жиззах вилоятларида юз берган кучли шамол баъзи бир электр қурилмаларида носозликларга сабаб бўлди. Энергетика вазирлиги ҳозирда таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани ҳақида хабар берди.

Табиий офат сабабли Самарқанд вилоятида 457 МВт (114 минг 250 та истеъмолчи), Жиззах вилоятида эса 64 МВт (16 мингта истеъмолчи) қувват билан электр таъминотида вақтинчалик қисқа муддатли узилишлар бўлди.

Ҳозирги вақтда махсус бригадалар томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Носозликлар қисқа вақт ичида босқичма-босқич бартараф қилиниб, истеъмолчиларнинг электр таъминоти қайта тикланади, дейилади хабарда.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Қарши туманида ҳам шамол Насаф кўчасидаги тунги безак учун ўрнатилган қурилмани ерга қулатиб юборгани айтилганди. Шунингдек, чўл ҳудудларига туташ Ғузор туманида ҳам чанг тўзонлари акс этган видео тарқалди.

6 февраль куни Бухоро аэродромида чанг бўрони туфайли Тошкентдан Бухорога учган самолёт аэродромга қўна олмай, пойтахт аэропортига қайтиб келди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзгидромет 6−8 февраль кунлари республиканинг айрим жойларида шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучайиши, айрим жойларда баъзида 25−27 м/с гача кўтарилишини прогноз қилганди.