Душанба ва сешанба кунлари Ўзбекистон ҳудуди бўйича қуруқ об-ҳаво сақланиб туради, фақат Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 6 февраль кечга томон жойларда ёмғир, қор ёғиши мумкин, дея хабар бермоқда Ўзгидромет хизмати агентлиги матбуот хизмати.

7 февраль, чоршанба куни республиканинг аксарият вилоятларида асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ёғингарчилик кутилмайди.

Иш ҳафтасининг иккинчи ярмида, 8−9 февраль кунлари Ўзбекистон ҳудуди бўйича яна қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларида 8 февралда кечаси ва эрталаб баъзи жойларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши мумкин.

Тоғли ҳудудларда 7−8 февраль кунлари қор ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади. Республиканинг айрим жойларига туман тушиши мумкин. 6−8 февраль кунлари шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучайиши, айрим жойларда баъзида 25−27 м/с гача кучайиши мумкин.

5−7 февраль кунлари ҳаво ҳарорати асосан кечалари 0…+5, кундуз кунлари +7…+12, баъзи жойларда +15 даражагача бўлади. 8−9 февралда кечалари +2…+7, кундуз кунлари +12…+17 даражагача аста-секин кўтарилади.

Тошкент шаҳрида бугун ва эртага ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси +1…+3, бугун кундузи +9…+11, эртага +13…+15 даража бўлади.

7 февралда вақти-вақти билан ёмғир ёғади, 8 февралда кечаси ва эрталаб ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади, кундузи ёғингарчилик кутилмайди. 9 февралда ҳам ёғингарчилик бўлмайди. Ҳарорат 7−9 февралда кечалари +3…+6, кундузи 7 февралда +7…+9 даража, 8−9 февралда +15…+17 даражагача аста-секин кўтарилади.