Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан Қорақалпоғистонда тегишли лицензияга эга бўлмай туриб, Умра хизматларини кўрсатишга қаратилган ноқонуний рекламалар жойлаштирган икки турфирма жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар қилди.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси томонидан айнан туроператорларнинг реклама фаолияти юзасидан мурожаат келиб тушган. Мурожаат тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилган.

Ўрганишлар давомида бугунга қадар мазкур ҳудудда бундай хизматларни кўрсатиш билан боғлиқ туристик фаолиятни амалга ошириш бўйича лицензияга эга туроператорлар мавжуд эмаслиги, улар Тошкент шаҳри ва вилоят тур компаниялари билан ҳамкорликда зиёратларни ташкил этишда иштирок этаётгани маълум бўлган.

Шунингдек, мурожаатда билдирилган ISKANDER TOURS ҳамда OKS TOURS МЧЖлар лицензияси мавжуд эмаслиги, шунга қарамай, ижтимоий тармоқларда Умра хизматларини кўрсатишга қаратилган ноқонуний рекламалар жойлаштириб бораётгани аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси «Реклама тўғрисида»ги қонунининг 16-моддасига мувофиқ, ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонунда тақиқланган товарларни, шунингдек, ишлаб чиқарилиши ва (ёки) реализация қилиниши учун тегишли сертификатлари ва лицензиялари, мажбурий сертификатлаштириш гувоҳномалари ёки махсус рухсатномалари мавжуд бўлмаган товарларни реклама қилишга йўл қўйилмайди деб белгиланган.

Юқоридагиларга кўра, Қўмита махсус комиссияси томонидан «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 47- моддаси, Вазирлар Маҳкамасининг 225-сонли қарори билан тасдиқланган низомга асосан ISKANDER TOURS ҳамда OKS TOURS МЧЖларига нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, тегишли тартибда жавобгарлик белгилаш юзасидан қарор қабул қилди. Шунингдек, жамиятларга ушбу ҳолатни бартараф этиб, келгусида бундай ҳолатга йўл қўймаслик юзасидан бажарилиш лозим бўлган кўрсатмалар берилди.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ўз ваколати доирасида ноқонуний рекламаларнинг олдини олиш мақсадида мунтазам равишда рекламалар назоратини олиб бораётганини қайд этиб ўтди.

«Ҳурматли фуқаролар! „Умра“ зиёратига боришдан аввал биринчи навбатда, хизмат кўрсатувчи корхонанинг лицензияси билан танишинг, сўнг рекламада берилган маълумотларга жиддий эътибор бериб, ишонч ҳосил қилинг. Ноқонуний рекламаларга дуч келиб, бу борада ҳуқуқларингиз бузилган тақдирда Рақобат қўмитасининг 1159 ишонч телефонига мурожаат қилинг», — дейилади хабарда.

Аввалроқ зиёратчиларни Умрадан қайтариб олиб келолмаган Panorama Airways компанияси мансабдори қамоққа олингани хабар қилинганди.