Беларусь президенти Александр Лукашенко 7 февраль куни расмий ташриф билан мамлакатда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати соат 15:00 да хабар берди.

Ташриф дастурида олий даражадаги музокаралар ўтказилиши, уларда «Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш»нинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилиши режалаштирилган», дейилади хабарда.

«Ўзаро товар айирбошлашни ошириш, қишлоқ хўжалиги, енгил ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика, коммуникациялар ва бошқа тармоқларда кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари диққат марказида бўлади», дея таъкидлади президент матбуот хизмати.

Учрашувлар давомида профессионал таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳаларида шерикликни ривожлантириш дастурлари ҳам муҳокама қилинади.

Музокаралар якунида икки томонлама ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш кўзда тутилган.

Маълумот учун, шу кунларда ташриф арафасида Тошкент шаҳрида икки мамлакат ҳудудлари ва тадбиркорлари иштирокида қатор ишбилармонлик тадбирлари — Ҳудудлараро форум ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Ташрифга тайёргарлик

Бир кун аввал Тошкентда икки давлат байроқлари илиниб, айрим кўчалардаги белгилар янгиланди. Чоршанба куни эрталабдан кўча экранларига Александр Лукашенкога атаб ёзилган ўзбек ва беларусь тилларидаги қутловлар жойлаштирилди.

Сешанба куни Беларусь бош вазири ўринбосари Леонид Заяц Тошкентга келди ва икки давлатнинг кўплаб ишбилармонлари иштирокидаги иккинчи минтақалараро форумда иштирок этди.

Ташқи ишлар вазири ва бошқа вазирлар, Минск шаҳридан келган делегация ва бошқа расмий шахслар ҳам Тошкентда бўлиб турибди.

Беларусь президенти Минскда ўтган йилнинг сентябрида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева билан учрашиб, қишда Ўзбекистонга ташриф буюриш режалари ҳақида гапирганди.

Ўшанда Лукашенко Ўзбекистон тоғларига ташриф буюришни хоҳлашини таъкидлаган. «Яқин кунларда қочиб, сизнинг тоғларингизга ташриф буюришга ҳаракат қиламан», — деганди у.