2024/2025 ўқув йилидан Ўзбекистондаги техникумларда «Академик» ва «Ишчи касб» таълим компонентларининг узвийлигини таъминлаш учун янги тизим йўлга қўйилади. Бу ҳақда президент ва соҳалар раҳбарлари ўртасида ўтказилган йиғилишда айтиб ўтилди.

Унга кўра, коллеж-техникумнинг 1−2 курсидаги таълим дастурлари, дарсликлари, билимни баҳолаш мезонлари ва муаллимларга талаблар олийгоҳлар билан бир хил бўлади. Техникумларда ҳам «кредит тизими» жорий қилиниб, фанни ўзлаштириш бўйича тўпланган «кредитлар» олийгоҳларда тан олинадиган тизим бўлади.

Яъни, коллеж-техникумда икки йил давомида етарли «кредит» тўплаган ўқувчилар «2+2» ёки «2+3» дастурлари асосида олийгоҳларнинг иккинчи ёки учинчи курсларида таълимни давом эттириш имкониятига эга бўлади.

Коллеж-техникумда ўқиб, фаолиятини ишлаб чиқаришда давом эттирмоқчи бўлганларни соҳадаги мавқеини ошириш бўйича ҳам янги тизим йўлга қўйилади. Энди, коллеж-техникумда «ишчи касб» йўналишида ўқиганлар икки ёки уч йил ишлаб, тажриба орттирганидан кейин, имтиҳон топшириб, «бакалавр»га тенг малака даражасини олиши мумкин, дейилади йиғилишда.

Шунингдек, президент 50 минг коллеж-техникум ўқувчисини дуал таълим билан қамраб олишни ташкил қилиш бўйича топшириқ берди. Бу ишлар, аввало, тўқимачилик, қурилиш ва қурилиш материаллари, элтехсаноат, машинасозлик йўналишларида бошланади.

Бундан буён билим ва малакани баҳолаш жараёнлари босқичма-босқич нодавлат ташкилотларга ўтказилади.

Олий таълим вазирлигига бакалавр йўналишларини йириклаштириш ҳисобига уларнинг сонини 40 фоизга қисқартириш, ушбу йўналишлардаги таълим дастурларини ТОП-300 га кирган олийгоҳлар дастури асосида янгилаш топширилди.

Давлат раҳбари аниқ ва фундаментал фанлар бўйича илғор дарсликларни хорижий тиллардан босқичма-босқич таржима қилиш кераклигини ҳам таъкидлади.