5 февраль куни давлат раҳбари ўтказган йиғилишида спорт соҳасидаги ҳолатни ҳам тилга олиб, Спорт вазирлигига ва ҳокимликларга топшириқлар берди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Шавкат Мирзиёев 2024 йилда спортга қарийб 2 трлн сўм ажратилаётганини ҳисобга олиб, уни оммалаштириш бўйича тизим тўлиқ ва юқори самара билан ишлаши зарурлигини таъкидлади.

Унинг таъкидлашича, ҳокимлар ўзи мусобақалар ташкил қилиб, янги иқтидорларни кашф қилишга етарли эътибор қаратмаётгани туфайли, ҳудудларда яхши спортчилар четда қолиб кетяпти.

Маҳаллаларни футбол, волейбол, баскетбол, бадминтон, стол тенниси каби спортнинг 12 та оммавий туридан бирига ихтисослаштириш, ҳар ойда маҳаллаларда оммавий спорт тадбирларини ташкил қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Спорт вазирлигига ва ҳокимликларга йил давомида «сектор — туман — вилоят — республика» даражаларида оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш топширилди. Шунингдек, «Спорт мактаблари — спорт коллежлари — спорт федерациялари — олий маҳорат мактаблари» занжири асосида доимий спорт билан шуғулланувчилар сонини ошириш режалаштирилмоқда.

Давлат раҳбари июль-сентябрь ойларида Парижда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига қаттиқ тайёргарлик кўриш зарурлиги айтиб ўтди.

Бу йилги ютуқларни Токио олимпиадасидаги каби фақат якка кураш спорт турлари ҳисобидан қўлга киритамиз, деган фикр мутлақо нотўғри. Олимпия ўйинларидаги натижалар тарихимизда энг яхшиси бўлиши учун зарур чораларни ҳозирдан кўриш керак, деди Шавкат Мирзиёев.

Спорт вазирлигига Parij-2024`га тайёргарлик кўраётган спортчилар учун 15 та Олимпия ва Паралимпия марказида ҳамда Тошкент шаҳри, Андижон ва Тошкент вилоятларидаги 14 та спорт базаларида барча шароитларни яратиш топширилди.

Олимпия ва Паралимпия қўмиталари билан биргаликда уларни чуқурлашган тиббий кўрикдан ўтказиш, фармакология ва диетология жиҳатидан сифатли таъминлаш вазифаси қўйилди.