Ўзбекистондаги мавжуд нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг 1,5 мингдан зиёдида давлат бюджетидан ноқонуний пул маблағларини ўзлаштириш ҳаракатлари аниқланди. Бу ҳақда Мактабгача таълим агентлиги матбуот котиби Мовлуда Асқархўжаева «Газета.uz»га маълум қилди.

Агентлик вакилининг қайд этишича, мамлакатда 27 мингдан ортиқ нодавлат мактабгача таълим ташкилоти мавжуд. Уларга 2023 йилда давлат бюджетидан 2,7 трлн сўм маблағ ажратилган.

боғчалар, мактабгача таълим агентлиги, субсидия

Мовлуда Асқархўжаева. Фото: Мактабгача таълим агентлиги.

«Ахборот тизими ва сунъий интеллект функцияси ёрдамида нодавлат мактабгача таълим соҳасида камерал назорат ишлари йўлга қўйилди. Айрим МТТлар давлат хусусий шерикчилик асосида ўртадаги воситачи шахслар, яъни ҳакерлар ёрдамида бегона махсус дастурий ёки аппарат воситаларидан фойдаланмоқда. Бу орқали ғаразли мақсадларни кўзлаган ҳолда субсидия ҳажмини сунъий равишда ошириб, давлат бюджетидан ноқонуний пул маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари учрамоқда», — дейди Мовлуда Асқархўжаева.

Унинг таъкидлашича, 2023 йил 27 декабрь ҳолатига кўра:

  • 734 та ДХШ асосида МТТлар томонидан бир боланинг маълумотлари НМТТБАТ (нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари боғча ахборот тизимига)га киритилиб, унинг фотосурати ўрнига бошқа боланинг фотосурати асосида давомати белгиланиб келган. Оқибатда уларга нисбатан 8,8 млрд сўм субсидия тўловлари уч ойга тўхтатилди;
  • 895 та ДХШ асосида, жумладан, оилавий МТТлар томонидан воситачилар ёрдамида компьютерларда виртуал мобил қурилмани яратиш орқали ҳақиқатда МТТга келмаган тарбияланувчи ва ходимларнинг давомати сохталаштирилиб НМТТБАТга юборган. Уларга огоҳлантириш хатлари юборилиб, 8,9 млрд сўм асосланмаган субсидия тўловларининг молиялаштирилиши олди олинди.

«Маълумотлар тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган», — дейилади агентлик ахборотида.