1 февраль куни президент томонидан имзоланган қонун [ЎРҚ-902-сон] билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритилди.

Унга кўра, вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларга:

  • вояга етмаганларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларини бажармаганлиги учун ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нисбатан маъмурий жазо қўллаш (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасининг 1-қисми);
  • таълим муассасалари ҳудуди ва унинг атрофида ўқувчилар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва мактабларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан маъмурий баённома тузиш ҳамда белгиланган тартибда жазо чорасини қўллаш (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 56−1, 183, 187-моддаси 1-қисми);
  • вояга етмаганларни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга (спиртли ичимликларни, гиёҳвандлик воситалари ёки одамнинг ақл-идрокига, иродасига таъсир қиладиган моддаларни истеъмол этишга) жалб қилган шахсларга нисбатан маъмурий жазо қўллаш (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-моддаси) ваколатини берилди.

Бундан ташқари, ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларига тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун маъмурий ҳуқуқбузарликни расмийлаштириш ваколати берилди.

Қонун Сенат томонидан 19 январь куни маъқулланганди. У расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.