5 февраль куни Беларусь пойтахти Минскда 2021 йилдан буён элчихона маслаҳатчиси, муваққат ишлар вакили вазифасини бажараётган Раҳматулла Назаров Ўзбекистоннинг фавқулодда ва мухтор элчиси вазифасини бажаришга киришди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Раҳматулла Назаров 53 ёшда, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1995 йилда Тошкент шаҳридаги тижорат тузилмаларида бошлаган.

1997 йилда Ташқи ишлар вазирлигига Шартнома бошқармасининг атташеси лавозимига ишга қабул қилинган, кейинроқ бошқа қатор бошқармаларда турли лавозимларда, жумладан, ТИВнинг бошқарма бошлиғи, шунингдек, Бельгия ва Қирғизистондаги элчихоналарда, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ишлари бўйича миллий координатор сифатида ишлаган.

Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида, Тошкентдаги ШҲТ Халқ дипломатияси марказининг биринчи директори бўлган ҳамда Сенат аъзоси этиб сайланган. Беларусга тайинланишидан олдин у ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси лавозимида ишлаган.

Раҳматулла Назаров 2018—2021 йилларда элчихонани бошқарган Носиржон Юсупов ўрнига тайинланди.