2 февраль куни футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец Қатарга қарши учрашув олдидан матбуот анжуманида иштирок этди. Тадбир жонли эфирда тармоқларда узатиб борилди.

Унда журналистлардан бири жамоа мураббийига аввалги терма жамоаси Ироқ билан Қатарга қарши учрашувда мағлубиятга учраганини эслатди ва бу сафар Ўзбекистон билан Қатар жамоасига қарши қандай тайёргарлик кўраётганини сўради. Гап Сречко Катанецнинг 2018−2021 йилларда Ироқ терма жамоасига мураббийлик қилган даври ҳақида кетмоқда. Саволга жавобан мураббий Ўзбекистон терма жамоасида Қатарни ҳам хавотирга соладиган жиҳатлар борлигини айтди.

«Самимий тилакларингиз ва менга ўша мағлубиятни яна эсга солганингиз учун раҳмат. Шуни айтишим керакки, мен Форс кўрфази кубогининг очилиш ўйинида Қатарга қарши ўйинда ҳам ғалаба қозонганман. Эртанги учрашув ҳақида айтадиган бўлсам, менинг вазифам жамоани қўлимдан келганча зўр қилиб ўйинга тайёрлаш. Икки ярим йилдан бери биргамиз, агар улар Қатар жамоасига қарши қандай ўйнаш кераклигини билишмаса, бу хато бўлади. Аминманки, улар буни яхши билишади. Биз [ўйинни] яхши ташкиллаштиришимиз шарт. Бизда ҳам Қатарни хавотирга солишга мажбур қиладиган баъзи тарафларимиз бор. Улар бизни кўришди, биз эса уларни…», — дея таъкидлади мураббий.

Ҳали жамоа билан учрашмадим. Ҳолат яхшиланган деб умид қиламан. Жароҳатланганлар бўйича деярли ҳеч нарса ўзгармаган, бироқ бетоб ўйинчиларимиз соғайиш арафасида, дея қўшимча қилди у.

Шунингдек, у натижа ўйинчиларнинг ҳаракатларига, ўша пайтдаги вазиятлар, жароҳатлар ва яна бошқа кўплаб жиҳатларга боғлиқлигини эслатди. Аввал таъкидлаганимдек, бор эътиборим олдиндаги баҳсга қаратилган, қолгани кейин маълум бўлади. Бизда яхши ўйинчилар етарли. Чорак финалга қадар етиб келдик, буёғига йўқотадиган нарсамиз йўқ, деди Катанец.

3 февраль куни Ўзбекистон терма жамоаси Осиё кубогининг чорак финалида Қатарга қарши майдонга тушади. Учрашув соат 20:30 да «Ал-Байт» стадионида старт олади. Терма жамоа оқ рангли либосда ҳаракатланади.

Жамоа бунгача нимчорак финалда Таиландини 2:1 ҳисобда мағлубиятга учратганди. Ғалабадан сўнг жамоа мураббийи Катанец ўйиндан мамнун бўлганини, бу иш осон бўлмаганини айтганди.

Маълумот учун, Ўзбекистон ва Қатар терма жамоалари ўртасидаги сўнгги учрашув 2017 йилда бўлиб ўтган. Ўшанда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Одил Аҳмедов киритган гол ҳисобига жамоа ғалаба қозонганди.