Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец 30 январь куни ўтказилган ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Таиланд устидан қозонилган ғалаба (2:1) ва Осиё Кубогининг чорак финалига чиқиш ҳақида фикр билдирди.

60 ёшли мутахассис футболчиларининг ўйинидан мамнун бўлганини айтди.

«Ўйин менга жуда ёқди. Футболчиларимнинг ҳаракатидан қониқдим. Улар яхши ҳаракат қилишди. Мухлисларга раҳмат, уларни хурсанд қилдик деб ўйлайман. Биринчи бўлимда бир неча гол киритишимиз мумкин эди. Кейинги ўйинда бугунги каби имкониятларни кўкка совурсак, кейинги босқичга ўтишимиз қийин бўлади», — дея унинг сўзларини келтиради Championat.Asia.

Мураббий чорак финалдаги навбатдаги рақиб ҳақида гапирар экан, Қатар ушбу Осиё Кубогида мағлуб бўлмаганига (тўртта ўйин ҳам ғалаба билан якунланган) урғу берди.

«Бу сафар ҳам улар фақат ғалаба қозониш учун ўйнашади. Мен ўз жамоамга ишонаман. Уларнинг ҳаракатларидан қониқмоқдаман. Бугун ҳам ўйиндан олдин бизда баъзи муаммолар бор эди. Кўп футболчиларда қандайдир вирус бор эди. Шукуров ҳам айнан шу сабаб ўйинни ўтказиб юборди. Биз шу ҳолатда ҳам яхши ўйнадик. Нега Қатарни ҳайрон қолдира олмаслигимиз керак?» — у айтди.

Сречко Катанец авваллари ўзи ишонмагани айтилаётган паст бўйли ўйинчилардан фойдалангани, шунингдек, Игор Сергеевнинг жароҳатидан сўнг таркибда мавжуд ҳужумчилар Азизбек Амонов ва Бобур Абдиҳолиқовлар ўйинга тушмагани ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

«Фикримча, сиз бугунги ғалабимиздан хурсанд эмасдек таассурот қолдиряпсиз», — деди у журналистларга. «Ҳужумчисиз ўйнаган бўлсак ҳам олдиндаги учта ўйинчи бугун яхши ҳаракат қилди. Сал камтарроқ бўлайлик. Терма жамоа ичкарисидаги муаммоларни кўпчилик билмайди. Биз дунёнинг энг зўр жамоаси эмасмиз. Бугунги ғалабамиздан қониқишингиз керак. Ишонинг, бу осон эмас».

Шунингдек, бош мураббий сўнгги пайтларда терма жамоа футболчилари кам ўйин амалиётига эга бўлаётгани ҳақида ҳам гапирди.

«Охирги пайт футболчиларимизда ўйин амалиёти кам эди. Машарипов охирги олти ой ичида қанча ўйин амалиётига эга бўлганини биласизми? Шундай ҳолатдан кейин унинг бугунги кўрсатган ўйини олдида шляпамни ечаман. Баъзида, Бразилия ёки Аргентина терма жамоаси мураббийиманми деб ўйлаб қоламан. Ҳозир имкониятларимиздан келиб чиқиб ҳаракат қиляпмиз.», — деди у.

Мураббий жароҳатланган футболчилар сони ҳақида ҳам гапириб ўтди.

«Эронга қарши ўтказилган ЖЧ саралаши доирасидаги ўйиндаги асосий таркибдан Шомуродов, Сергеев, Алиқулов, Алижонов ва Насруллаев бугун майдонга тушмади. Уларнинг барчаси асосий таркиб ўйинчилари. Шомуродовни жамоага далда бўлади дея қайдномага киритмоқчи эдик, аммо „Каляри“ бунга рухсат бермади. Мен ўз ишимни жуда яхши биламан. Футбол бу шунчаки ўйинчиларни позицияларга жойлаштириб чиқиш эмас. Мен бугун қайд этган натижамиздан мамнунман. Юқорида саналган ўйинчиларнинг бирортаси Қатарга қарши ўйинда майдонга тушмайди», — деди у.

осиё кубоги 2023, сречко катанец, ўзбекистон терма жамоаси, футбол

Сречко Катанец 21 ёшли ярим ҳимоячи Диёр Холматовнинг терма жамоадаги дебютини ҳам юқори баҳолади.

«Диёр бугун жуда зўр ўйнади. Айнан унинг ҳаракатлари сабаб майдон марказига келган иккинчи тўпларнинг деярли барчасига эга чиқдик. Диёр техник жиҳатдан жуда кучли. Унинг келажаги порлоқ. Терма сафида Зафармурод, Абдуқодир ва Аббосбек каби ёш ўйинчилар ўйнашмоқда. Бу албатта яхши», — дейди мутахассис.

Бош мураббий Қатарга қарши ўйинда қандай тактикани танлашини ошкор этмади.

«Ўйинда кўрасиз. Қатарда икки жуда кучли ўйинчи бор. Улар учта марказий ҳимоячи билан ўйнашади. Кеча иккита ҳимоячи билан ўйнашга ўтишлари билан муаммога дуч келишди. Биз ҳам бу ўйинда ҳар хил ўйин кўрсатамиз. Мен ўртадаги балансни топишим керак. Мен терма жамоа тактикаси билан ҳазиллаша олмайман. Бугун мен ўйинимиздан қониқдим, кимдир қониқмаган бўлса, бу уларнинг муаммоси. Мен ўйиндан олдин мотивация беришни ёқтирмайман. Лекин бугун йигитларга ўйиндан олдин биринчи навбатда ўз ўйинларидан қониқиш ҳосил қилишлари кераклигини тушунтирдим. Ўйинчилар ўз максимумларида ҳаракат қилишса, муаммо бўлмайди. Мағлуб бўламизми, ғалаба қозонамизми, ОАВ буни икки кун ёзади. Кейин ҳаммаси унутилади», — дея таъкидлади у.

Ўзбекистон 3 февраль куни соат 20:30 да Қатарга қарши баҳс олиб боради.