Ўзбекистон ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 248-моддаси талабларини бузган шахсларни жавобгарликка тортиш ваколати берилиши кўзда тутилган қонун Сенатнинг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Ҳукуматининг тегишли қарорлари билан ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларида вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог ва хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор лавозимлари жорий этилган.

Сенатор, Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Кадирхонованинг таъкидлашича, таҳлилларга кўра ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларида зарур ваколатлар мавжуд эмаслиги вояга етмаганлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўрилишига тўсқинлик қилмоқда.

Шу билан бирга, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг давлат томонидан ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида ҳимоя ордери талабларининг бажарилишини назорат қилиш юзасидан ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларининг масъулиятини кучайтириш талаб этилади.

Мазкур Қонун билан иккита муҳим янгилик назарда тутилмоқда.

Биринчи, вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларга:

  • вояга етмаганларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларини бажармаганлиги учун ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нисбатан маъмурий жазо қўллаш (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасининг 1-қисми);
  • таълим муассасалари ҳудуди ва унинг атрофида ўқувчилар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва мактабларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан маъмурий баённома тузиш ҳамда белгиланган тартибда жазо чорасини қўллаш (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 56−1, 183, 187-моддаси 1-қисми);
  • вояга етмаганларни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга (спиртли ичимликларни, гиёҳвандлик воситалари ёки одамнинг ақл-идрокига, иродасига таъсир қиладиган моддаларни истеъмол этишга) жалб қилган шахсларга нисбатан маъмурий жазо қўллаш (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-моддаси) ваколатини бериш.

Иккинчи, хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларга ҳимоя ордери талабларини бажармаслик учун назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённома тузиш (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 206−1-моддаси) ваколатини бериш.

«Мазкур нормалар, ички ишлар органларининг тегишли бўлинмалари зиммасига катта масъулият юклайди. Ҳуқуқни қўллаш амалиётида, айниқса, тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки шунга мойил бўлган шахслар билан ишлашда масъул ходимлардан билим ва малака талаб этилади», — деди Сенат раиси Танзила Нарбаева.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.